2030 йилга бориб Қозоғистон портларининг юк ташиш қувватини 30 млн тоннага етказамиз - вазир
ASTANA. Kazinform - Бу ҳақда ҚР Транспорт вазири Марат Қарабаев Манғистау вилоятида денгиз портларини ривожлантириш режасининг бажарилишини текшириш чоғида маълум қилди, дея хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Матбуот хабарларига кўра, Транспорт вазири Марат Қарабаев Манғистау вилоятига амалий ташрифи чоғида Каспий минтақасидаги йирик транспорт инфратузилмаси имкониятларини баҳолаган. Вазир Ақтау, Қуриқ, Баутино денгиз портлари ҳамда Саржа, Ертай, Северний денгиз терминаллари фаолиятини кўздан кечирди.
Денгиз инфратузилмасини ривожлантириш доирасида қўшимча контейнер терминалларини қуриш, қайта юклаш ускуналарини янгилаш, логистикани ривожлантириш, божхона ва маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, шунингдек, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ва “Шимол-Жануб” йўлакларини рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Умуман олганда, бу борадаги ишлар натижаларига кўра, Қозоғистон портларининг юк ташиш қувватини 2030 йилгача ҳозирги 21 миллион тоннадан 30 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган. Бу ишлар Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш доирасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларнинг бир қисми бўлиб, ушбу йўналишда юк ташишнинг ортиб бораётган эҳтиёжларини қондиришга хизмат кўрсатиш имконини беради.
Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши СОЛАС-74 халқаро конвенцияси талабларига мувофиқ Каспий денгизининг Қозоғистон секторида навигация хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Транскаспий халқаро транспорт йўналишида юк ташиш ҳажми 7 ойда 62 фоизга ўсди ва 2,5 миллион тоннани ташкил этди (2023 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1,6 миллион тоннага тенг бўлди).