2025 йилда Ўзбекистонда «Туркия маданияти кунлари» ўтказилади
TASHKENT. Kazinform - Тошкент шаҳрида ЎР Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА агентлиги.
Мулоқот аввалида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча соҳалар қатори маданият ва санъат соҳасида ҳам тобора ривожланаётгани, қардош давлатлар ўртасидаги муносабатлар охирги беш йилда жадал ривожланиш босқичига чиққани таъкидланди.
“Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро тадбирларда Туркия вакиллари доимий равишда иштирок этиб келмоқда, – деди маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида Зоминда ташкил этилган Халқаро мақом санъати анжуманида Туркия Президенти маслаҳатчиси Ялчин Топчу иштирок этгани эътиборга моликдир”.
Шунингдек, айни кунларда Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида туркиялик мусиқашунос олимларнинг қатнашаётгани ҳамда халқаро ҳайъат аъзолигида Туркия вакилининг иштирок этаётгани бизни қувонтиради.
Учрашув давомида Меҳмет Нури Эрсой томонидан 2025 йилда «Туркия маданияти кунлари»ни Ўзбекистонда ташкил этиш таклиф этилди.
Учрашув якунида маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш борасида бир қатор масалалар келишиб олинди.