2025 йилда Ўзбекистонда 4 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси тармоққа уланиши кутилмоқда
2025 йилда Ўзбекистонда магистрал электр тармоқлари орқали 76 миллиард 100 миллион киловатт соат электр энергиясини узатиш мақсади қўйилган, деб ёзади ЎзА.

Бу ҳақда 16 январь куни АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи ўринбосари Маҳфуза Сувонова маълум қилди.
Унда таъкидланишича, 2024 йилда мазкур ташкилот ўз режаларини тўлиқ бажарган. Хусусан, магистрал электр тармоқлари орқали 74 миллиард киловатт соат электр энергияси узатилди, режа 100 фоизга бажарилди.
Электр энергиясини тежаш мақсадида 20 миллион 700 минг киловатт соат энергия сақланиши режалаштирилган бўлиб, амалда 25 миллион 900 минг киловатт соат энергия тежалди ва режа 117 фоизга уддаланди. Шунингдек, 763 мегаватт қувватли 2 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 1 500 мегаватт қувватли 3 та шамол электр станцияси магистрал тармоққа уланди.
2025 йилда эса электр тармоқларини янада ишончли қилиш учун бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Бу йилда 76 миллиард киловатт соат электр энергиясини узатиш, электр энергияси истеъмолини қисқартириш, янги электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларни ишга тушириш режалаштирилган.
2025 йилда 1350 мегаватт қувватли 4 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 100 мегаватт қувватли 1 та шамол электр станцияси тармоқларга уланиши кутилмоқда.
Шунингдек, 316 та трансформатор ва 1719 та электр қурилмаси таъмирланиб, 6029 километрдан ортиқ ҳаво тармоғи таъмирланади.