2025 йил охиригача Қозоғистонда 217 та замонавий мактаб қурилади
ASTANA. Kazinform - 2025 йил охиригача Қозоғистонда 217 та замонавий мактаб қурилади.
Бу ҳақда WALS 2024 халқаро конференциясининг очилиш маросимида бош вазир ўринбосари Тамара Дуйсенова маълум қилди.
“Ҳозирда Қозоғистонда таълим сифатини ошириш бўйича қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда. Президент фармойишига кўра, 2025 йил охиригача “Қулай мактаб” миллий лойиҳаси доирасида хавфсиз ва самарали таълим муҳитини таъминловчи камида 217 та замонавий мактаб қурилади. 3 йил ичида 7000 та умумтаълим мактабидан 1300 таси таъмирланади. Хусусий мактабларни қўллаб-қувватлаш учун катта маблағ ажратилади”, — деди бош вазир ўринбосари.
Шунингдек, инфратузилмавий масалаларни ҳал этиш билан бирга, таълим сифатини тизимли равишда оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.
“Бугунги кунда мақсадли мактаблар, яъни қўшимча услубий ёрдам талаб қиладиган мактаблар салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли лойиҳа амалга оширилмоқда. Таълим-маориф вазирлиги томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, бизда 2000 га яқин шундай мактаблар бор. Мазкур мактаблар фаолиятини янада яхшилаш бўйича услубий таъминлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда”, – дейди Тамара Дуйсенова.
Эслатиб ўтамиз, “Дарсни тадқиқ қилиш: мукаммал ўрганиш ва ўқитишга интилиш” мавзусида ўтказилган WALS-2024 конференциясига дунёнинг 30 та давлатидан мутахассислар келган. Асосий маърузачилар орасида жаҳон таълимининг энг обрўли мутахассислари бор: норвегиялик Ойстейн Кристиансен, литвалик Дариус Радкевичюс, буюк британиялик Сара Селезнев, япониялик Ширли Тан, германиялик Клара Кагер. Умуман олганда, тадбирда 850 дан ортиқ киши иштирок этмоқда.
Муаллиф: Марлан Жиембай