2024 йилда МДҲда Волонтёрлик йилини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинди

2024 йилда МДҲда Волонтёрлик йилини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинди
Фото: ҚР Ҳукумати

Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform.

Учрашувда сўзга чиққан Алихан Смаилов глобал муаммоларга қарамай, иштирокчи давлатлар ўртасида ўзаро савдода ижобий суръат кузатилаётганини таъкидлади. Бу, асосан, Ҳамдўстлик интеграцион муносабатларини ривожлантириш учун асос бўлган Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномани биргаликда амалга ошириш натижасида мумкин бўлди.

“МДҲ давлат раҳбарларининг октябр ойида бўлиб ўтган саммитида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, қулай тариф шароитларини яратиш ва маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу нуқтаи назардан, хизматларнинг эркин савдоси тўғрисидаги битимнинг имкон қадар тезроқ кучга кириши муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳужжат ўзаро ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқиш имконини беради”, – деди ҚР Бош вазири.

Шу билан бирга, Ҳукумат раҳбарининг фикрича, ҳамкорликдаги ишларнинг асосий мақсади саноат кооперациясини ҳар томонлама мустаҳкамлашдан иборат бўлиши керак.

“МДҲга аъзо давлатларда саноат кооперацияси концепцияси ва уни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатларимиз иқтисодиётига янги суръат бағишлайди ва белгиланган режаларни тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади”, – деди Бош вазир.

Шунингдек, Алихан Смаилов транзит ва транспорт йўналишларини ҳамкорликда ривожлантириш динамик ва ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик кўрсаткичи эканлигини таъкидлади. Бу борада Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ва “Шимол-Жануб” йўлагини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

“Бу транзит магистралларни глобал “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси билан боғлаш муҳим. Қозоғистон ҳамкорликда ишлашга тайёр, – деди Алихан Смаилов.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодий кун тартибини илгари суриш билан бирга, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳам муҳим. Бугунги кунда бу борада тегишли дастур ва концепциялар қабул қилиниб, МДҲнинг йирик маданий лойиҳалари амалга оширилмоқда.

“Бугунги йиғилишда 2024 йилни МДҲда Волонтёрлик йили деб белгилаш бўйича чора-тадбирлар режасини қабул қиламиз. Ишончим комилки, бундай хайрли ташаббуслар МДҲнинг яхши обрўсини сақлаб қолиш ва мамлакатлар ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади”, – деди ҚР Бош вазири.

Тадбирда Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Россия Бош вазири Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Озарбайжон Бош вазири ўринбосари Шаҳин Абдулла огли Мустафоев, Арманистон Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Хўжамурат Гелдимуродов иштирок этди.

МДҲ давлатлари Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси якунлари бўйича геодезия, картография ва геоахборот технологиялари, тоғ-кон-металлургия, IT сектори каби соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Сўнгги хабарлар