2024 йилда Германияда фармацевтлар, ўқитувчилар ва беморларни парваришловчилар керак бўлади

2024 йилда Германияда фармацевтлар, ўқитувчилар ва беморларни парваришловчилар керак бўлади
Фото: Sebastian Gollnow/dpa/picture alliance

2024 йилда Германияда малакали мутахассисларга кириш талаблари енгиллаштирилади, қочқинлар учун эса, аксинча, кучайтирилади. Бу ҳақда Каzinform агентлиги DWга таяниб хабар беради.

Бир йиллик “Имкониятлар картаси” жорий этилади

Келгуси йилда бандлик учун мамлакатда бир йил қолишни кафолатловчи балл тизимига асосланган “Имкониятлар картаси” тўлиқ кучга киради. Уни олиш учун аризачи инглиз ва немис тилини билиши, иш тажрибасига, шунингдек, Германияда шахсий алоқаларга эга бўлиши керак. Потенциал эмигрантнинг ёшига ҳам устувор аҳамият берилади.

Меҳнат визаси олиш учун энг кам иш ҳақи миқдори камаяди

Германияга келаётган хорижлик мутахассислар энди энг кам йиллик маоши 43 800 евро бўлган шартномага эга бўлиши керак. Илгари бу даража солиқдан ушлаб қолишдан олдин 58 400 евро эди.

Blue Card олиш учун касблар турлари кўпайди

Янги йилдан бошлаб Германияда Blue Cardни нафақат эҳтиёжманд математиклар, IТ-мутахассислар, муҳандислар, биологлар ва тиббиёт ходимлари, балки бошқа касб эгалари ҳам олишлари мумкин. Улар орасида фармацевтлар, педагоглар, беморлар ва кексалар парвариши бўйича мутахассислар бор.

Огоҳлантиришсиз депортация

Германиядан бошпана сўраганларга қўйиладиган талаблар кучайтирилиши ҳам мумкин. Мамлакат ИИВ режасига кўра, келгусида қочқин мақоми берилмаган фуқароларга депортация қилиш тўғрисида олдиндан хабар берилмайди ва депортацияга рухсат берилган ҳибсда сақлаш муддати 10 кундан 28 кунгача узайтирилади.

Ижтимоий тўловлар камаяди

Ҳозирда бошпана изловчилар Германияда 18 ойдан ортиқ қолсалар, ижтимоий нафақа (Bürgergeld) олишни бошлайдилар. Бундан камроқ муддатга мамлакатда қолган қочқинлар анча кам пул олади. Энди бу муддат 36 ойгача оширилди.

Нақд пул ўрнига карта берилади

2024 йилда мамлакатдан бошпана сўраганлар ижтимоий суғурта тўловларини нақд пулда олмайдилар – бунинг ўрнига пуллар дўконларда тўлаш мумкин бўлган махсус дебет картасига ўтказилади. Шундай қилиб, федерал ҳукумат бошпана изловчиларнинг ўз мамлакатларига пул жўнатиш имкониятини чекламоқчи.

Сўнгги хабарлар