2023 йилда Қозоғистон қўшинларига 70 дан ортиқ ҳарбий техника берилди
Қозоғистон қўшинлари 70 дан ортиқ ҳарбий техника ва 200 га яқин турли хил модификациядаги автомобиль ва махсус техникани олди. Бу ҳақда Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари генерал-лейтенант Султан Камалетдинов Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Каzinform.
“Барча қуроллар ўз мақсади бўйича энг самарали фойдаланишни таъминлаш шартлари асосида ҳар томонлама сотиб олинади. Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз асосий турдаги қурол-яроғлар, ҳарбий техника ва бошқа моддий ресурслар билан таъминлангани замонавий чақириқ ва давлат хавфсизлигига таҳдидларга энг муносиб жавоб беришга умид қилиш имконини беради”, – деди Султан Камалетдинов.
ҚР Президентининг “Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари, бошқа қўшинлари ва ҳарбий тузилмалари ҳарбий хизматчиларининг ҳарбий кийим-кечаклари ва фарқлаш белгилари тўғрисида”ги қарорига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Асосий янгилик – Қуролли Кучлар, бошқа қўшинлар ва ҳарбий тузилмаларнинг барча ҳарбий хизматчилари учун ягона дала формасининг жорий этилиши.
Матбуот анжуманида маълум бўлишича, жорий йилда шахсий таркибнинг дала тайёргарлиги ва бўлинмаларнинг жанговар мувофиқлаштириш даражасини ошириш мақсадида мингга яқин турли ўқув машғулотлари, жанговар транспорт воситаларини бошқариш бўйича 16 мингдан ортиқ, отиш машқлари бўйича 40 мингдан ортиқ, улардан 13 мингдан ортиғи тунги вақтда ташкил этилди. 60 мингдан ортиқ мутахассис тайёрланди.
“Кечаю кундуз, оддий ва қийин об-ҳаво шароитида интенсив машғулот парвозлари амалга оширилди. Бир учувчига ўртача парвоз соатлари сони 45 соатдан ортиқ. Жорий йилда Ҳарбий-денгиз флоти кемалари 17 минг денгиз милидан ортиқ масофани босиб ўтди”, – дея қўшимча қилди Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари.
Шунингдек, у Қуролли Кучлар тарихида биринчи марта иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳарбий ҳолат режимини сақлаш, шунингдек, уруш шароитида ишлаш мақсадида Олий Бош қўмондонлик штаб-квартираси, Уруш давридаги Ҳукумат ва Ҳудудий мудофаа Кенгашларини жойлаштириш ва фаолият юритиш масалалари ишлаб чиқилганини таъкидлади.