2023 йилда Қозоғистон иқтисодиёти 4 фоизга ўсади

None
NUR-SULTAN. Кazinform – ҚР Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Азамат Амрин мамлакатни 2023-2027 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозини тақдим этди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Прогноз 2021 йилда иқтисодиётнинг ўсиши бўйича якуний маълумотлар, халқаро молия ташкилотларининг жаҳон иқтисодиёти ўсиши бўйича кутилмалари ва экспорт товарлари нархини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилди. Шундай қилиб, халқаро молия ташкилотларининг консенсус прогнозига кўра, 2022 йилда нефтнинг жаҳон нархи бир баррел учун 104,2 АҚШ доллари даражасида кутилмоқда. 2023 йилда жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 3 фоизни ташкил этади», — деди вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, ташқи ва ички параметрларнинг ўзгариши муносабати билан Қозоғистон иқтисодиётини 2023-2027 йилларга мўлжалланган ривожлантиришнинг асосий, оптимистик ва пессимистик сценарийлари ишлаб чиқилган. Базавий сценарийда нефтнинг ўртача нархини бир баррел учун 85 доллар даражасида қўллаш тавсия этилади. Ушбу сценарий бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик реал ўсиши 3,9 фоизни ташкил этади. Инфляция 2023 йилда 7,5-9,5 фоиз, сўнгра 2025-2027 йилларда 3-4 фоиз ва 2024 йилда 4-5 фоизгача пасайиши белгиланган.

«Ушбу сценарийга кўра, ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 2023 йилдаги 4 фоиздан 2027 йилда 4,2 фоизгача тезлашади. Номинал ЯИМ 120,7 триллион тенгедан 176 триллион тенгега ошади. Иқтисодиётнинг барча базавий тармоқларида ижобий ўсиш кутилмоқда. Масалан, саноатда ўртача йиллик ўсиш суръати 3,1 фоиз, жумладан, ишлаб чиқариш саноатида 3,5 фоиз, тоғ-кон саноатида 2,9 фоизни ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги умумий маҳсулотининг ўртача йиллик ўсиши 3,9 фоизни ташкил этади. Қурилиш соҳасининг тахминий ўсиши ўртача 3,8 фоизни, савдо айланмаси 5,7 фоизни ташкил этади», — деди Азамат Амрин.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, нефть қазиб олиш 2023 йилда 92,6 миллион тоннага етади, 2027 йилда эса 99,9 миллион тоннага кўтарилади.

«Миллий банк прогнозига кўра, экспорт 80,9 миллиард АҚШ долларидан 84,6 миллиард АҚШ долларига, импорт 45,7 миллиард доллардан 53,5 миллиард АҚШ долларига ошади», - деди у.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар
telegram