2023 йилда 23 миллиард доллар хорижий сармоя жалб этилди – ҚР Президенти

ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Алмати шаҳрида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Парламент ассамблеяси кенгаши иштирокчилари билан учрашув чоғида Қозоғистон КХШТга раислик доирасида хавфсизликни таъминлашга қаратилган халқаро ташкилотлар ва тузилмалар билан ҳамкорликни кучайтириш ниятида эканини айтди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

ҰҚШҰ
Фото: Ақорда

“БМТ, МДҲ ва ШҲТнинг тармоқ тузилмалари билан ҳамкорликни кенгайтириш жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз. Жорий йилнинг январь ойида КХШТ Котибияти ва МДҲ Терроризмга қарши кураш маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Биз буни олқишлаймиз”, – деди ҚР Президенти.

Давлат раҳбари сўзга чиққанларга Қозоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт ва мафкурани тизимли модернизация қилишга қаратилганини таъкидлади.

Қасим-Жомарт Тоқаев иқтисодиёт ҳақида гапириб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 265 миллиард долларга етганини маълум қилди.

“2023 йилда 23 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Мамлакатнинг халқаро захиралари 100 миллиард долларга етди. Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, жорий йилда Қозоғистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот 13 фоизга ўсиши ва қарийб 15 миллиард долларни ташкил қилиши керак. Яқинда мен тадбиркорлик эркинлиги ва рақобатни ривожлантиришни таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш ва бизнес харажатларини камайтириш орқали иқтисодиётни либераллаштиришга замин яратувчи фармонни имзоладим. Иқтисодий фаолият соҳасидаги жиноий ҳуқуқбузарликларнинг декриминализация қилиниши туфайли тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш сезиларли даражада ошди”, – деди Президент.

Шунингдек, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев КХШТ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлашнинг жадал ўсиб бораётганидан мамнун эканини билдирди.

Ақорда
Фото: Ақорда

“Ўтган йили Қозоғистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 26 миллиард долларга етди. Қирғизистон билан 1 миллиард 571 миллион доллар, Тожикистон билан 1 миллиард 130 миллион, Беларусь билан 912 миллион доллар товар айирбошлаш ҳажмини ташкил этди”, – деди Президент.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев КХШТ Парламент Ассамблеяси Кенгаши мажлиси ҳар бир аъзо давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда давлатларнинг миллий қонунчилигини илгари суриш ва ўзаро мувофиқлаштиришга катта ҳисса қўшишини таъкидлади. Шунингдек, Кенгаш томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар КХШТни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Учрашувда КХШТ Парламент Ассамблеяси Раиси – Россия Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володин, Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Вакиллар палатаси раиси Игорь Сергеенко, Тожикистон Республикаси Мажлиси Олий Мажлиси Миллий раиси Рустами Эмомали сўзга чиқди.

Сўнгги хабарлар