2022 йилда Қозоғистонда кўп болали оилаларга 346,8 млрд тенге нафақа берилди

None
ASTANA. Kazinform – 2022 йилда 501,2 минг оила кўп болали оилалар учун бериладиган давлат нафақалари билан қамраб олинди, уларга жами 346,8 млрд тенге тўланди. Жумладан декабр ойида 530,8 минг оилага 31,2 миллиард тенге нафақа тўланди.

Бу ҳақда Kazinform ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Матбуот хизмати хабарига кўра, 4 ёки ундан ортиқ вояга етмаган ёки 23 ёшгача бўлган кундузги талаба болалари бўлган оилалар, даромадидан қатъи назар, ушбу давлат нафақасига мурожаат қилишлари мумкин.

Тўлов миқдори болалар сонига қараб ҳисобланади:

- 4 нафар бола учун - 16,03 бир ойлик ҳисоб-китоб миқдори (БҲМ) (2022 йилда - 50 976 тенге, 2023 йилда - 55 304 тенге);

- 5 болага - 20,04 БҲМ (2022 йилда - 63 728 тенге, 2023 йилда - 69 138 тенге);

- 6 болага - 24,05 БҲМ (2022 йилда - 76 479 тенге, 2023 йилда - 82 973 тенге);

- 7 болага - 28,06 БҲМ (2022 йилда - 89 231 тенге, 2023 йилда - 96 807 тенге);

- 8 болага ва ундан кўп боласи бор оилаларга - ҳар бир болага 4 БҲМ миқдорида (2022 йилда - 12 720 тенгедан, 2023 йилда - 13 800 тенгедан).

«Эслатиб ўтамиз, кўп болали оилаларга давлат нафақаси, уларнинг даромадларидан қатъи назар, 2020 йил 1 январдан бошлаб Қозоғистонда кам таъминланган ва кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларида кўзда тутилган учта асосий йўналиш доирасида жорий этилган эди.

2023 йил 1 январдан бошлаб болали оилалар учун давлат нафақалари миқдори 8,5 фоизга ошди», - дейилади хабарда.


Сўнгги хабарлар
telegram