14:27, 16 Июнь 2022 | GMT +5
2021 йилда Қозоғистонда 70 тоннага яқин тозаланган олтин қазиб олинди
NUR-SULTAN. Kazinform - Нур-Султанда ХII Халқаро тоғ-металлургия конгресси ўз ишини бошлади, дея хабар беради Кazinform мухбири.
«Қозоғистон олтинининг ҳар бир грамми мамлакат олтин-валюта захирасини тўлдиради. Шундай қилиб, олтин қазиб олиш саноати стратегик аҳамиятга эга. Бу мамлакатимиз молиявий-иқтисодий фаровонлигининг кафолатидир. Мамлакатда 400 тоннадан ортиқ олтин заҳиралари мавжуд. Қозоғистон олтин заҳиралари бўйича дунёда 12-ўринда туради. Олтин кончиларимиз мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини сақлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ўтган йили Қозоғистонда 33 миллион тонна руда ва 66 тонна саф олтин қазиб олинди»
, — деди ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири ўринбосари Марат Қарабаев очилиш маросимида.
Вазир ўринбосари, шунингдек, олтин қазиб олиш бўйича яна бир қанча лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади.
«Бугунги кунда йилига 13 тонна олтин ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 11 та лойиҳани амалга ошириш, 1 триллион тенгени жалб қилиш режалаштирилган. Олтин қазиб олиш сак давридан бери энг муҳим соҳалардан биридир. Бу мамлакат фаровонлиги ва иқтисодий барқарорлигининг асосидир. Шу боис юртимиз мустаҳкамланишига ҳисса қўшаётган соҳа форуми фаолиятига муваффақиятлар тилайман»
, — деди у.
Халқаро кон-металлургия конгрессида 13 давлатдан вакиллар иштирок этмоқда.
Улар орасида Марказий Осиё давлатлари билан бир қаторда Канада ва Германия ҳам бор. Конгресс 2 кун давом этади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбир доирасида олтин кончиларнинг III Республика форуми бўлиб ўтмоқда.
Муаллиф: Али Ибраев