2018 йили Таиландда сув босган ғордан қутқарилган ўсмир вафот этди

Ўсмирнинг ўлими сабаблари номаълум, бироқ у бошидан жароҳат олгани айтилмоқда.
Дуангпетч Промтеп ўтган йил охирида 17 ёшида Лестерширдаги Брук Хаус коллежи (Brooke House College)футбол академиясига қабул қилинди.
Промтеп Таиланднинг Wild Boars ўсмирлар футбол жамоасининг сардори эди, у ўз мураббийи билан бирга 2018 йилда Чианграи провинциясидаги сув босган ғорда икки ҳафта ўтказган.
Ўсмирнинг онаси унинг ўлими ҳақида ўзининг туғилиб ўсган шаҳри Чианграйдаги Ват Дои Вао (Wat Doi Wao temple)ибодатхонаси вакилларига хабар берган. Унинг баъзи жамоадошлари ҳам ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида совуқ хабар билан бўлишди.
Ибодатхона вакиллари Дом (Dom) номи билан машҳур бўлган ўсмирнинг оиласига ҳамдардлик билдирди. «Домнинг руҳи тинч бўлсин», - дейилади Facebook постида.
Промтепга Англияда ўқиш учун стипендия олишда ёрдам берган Таиланд нотижорат ташкилоти Zico Foundation ҳам ўзининг Facebook саҳифасида ҳамдардлик билдирди.
Промтеп 2018 йил 23 июнда мураббий билан Тхам Луанг ғорига борган «Wild Boars» футбол жамоаси аъзоси эди. Тўсатдан кучли ёмғир ёғиб, ғорни сув босди.
Ўшанда у 13 ёшда, жамоадошлари эса 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган.
Болалар ва уларнинг мураббийи сув босган ғорда икки ҳафта вақт ўтказишди. Қидирув-қутқарув операциясида 100 га яқин таиландлик ва хорижлик ғаввос иштирок этди.
Тхам Луанг - Таиланднинг тўртинчи энг катта ғор тизими ва жамоанинг севимли жойларидан бири.
Кейин бутун дунё футбол жамоасининг қутқарилишини томоша қилди. Ўтган йили Netflix ушбу ажойиб қутқарув ҳикояси ҳақида мини-сериялни тақдим этди.
Фото: Getty Images