1,7 миллион нафар қозоғистонлик болалар мактабларда бепул овқатланади
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазири Ғани Бейсембаев Ҳукумат йиғилишида янги ўқув йилига тайёргарликнинг бориши ҳақида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Вазирлик маълумотларига кўра, 1 сентябрдан бошлаб 7,9 минг таълим ташкилотида 3,9 миллион ўқувчи таълим олади, уларнинг 360 минг нафари биринчи синф ўқувчиларидир. Бугунги кунга қадар 336 минг бола биринчи синфга қабул қилинди.
- Ҳудудларда дарсликлар билан таъминлаш 90 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йилнинг 25 августига қадар барча ҳудудлар ўқувчиларни дарсликлар билан тўлиқ қамраб олиши керак. Бепул овқатланишни ташкил этиш учун ҳокимликлар томонидан зарур маблағлар ажратилган. 1 сентябрдан 1,7 миллион ўқувчи бепул овқатланади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 100 минг болага кўпайди, — деди Ғани Бейсембаев.
Вазир ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги оилаларга кўрсатилаётган ёрдам ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
– Жорий йилда 510 минг болага мактабга тайёргарлик кўриш учун ёрдам кўрсатилмоқда. Бу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан зарур маблағ ажратилди, — деди вазирлик раҳбари.