122 нафар Қозоғистон фуқароси ва уларнинг оила аъзолари сешанба куни Ғазо секторини тарк этади

Ўтиш пункти
Фото: SkyNews Arabia

14 ноябрь куни қозоғистонликлар ва уларнинг оила аъзолари Миср ва Фаластин анклавлари ўртасидаги чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали Ғазо секторидан эвакуация қилиниши мумкин, деб хабар беради Каzinform мухбири Ғазо сектори Чегарадан ўтиш ва чегаралар бош бошқармасига таяниб.

14 ноябрга ўтар кечаси Ғазо секторидан Миср томон Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали ўтишга рухсат берилган хориж фуқаролари рўйхати эълон қилинди, улар орасида “Қозоғистон” рукнида Қозоғистон ва Фаластин фуқаролигига эга 122 киши бор.

Қайд этилишича, рўйхатда кўрсатилган шахслар тегишли тартиб-қоидалардан қулай ўтишлари учун маҳаллий вақт билан соат 7:00 да (Астана вақти билан 10:00) Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктининг ташқи ўтиш залида бўлиши керак.

Қозоғистонликлар билан бирга 14 ноябрь куни Шимолий Македония, Финляндия, Иордания, Буюк Британия, Испания, Руминия, Германия, Россия, Швеция, АҚШ ва Дания фуқаролари Ғазо секторини тарк этади. Шунингдек, алоҳида рўйхат тақдим этган 159 нафар Миср фуқароси Фаластин анклавини тарк этиши мумкин бўлади.

Айни пайтда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Қозоғистон Республикасининг Мисрдаги Элчихонаси томонидан фуқароларни эвакуация қилишда ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Бир кун аввал ТИВ матбуот котиби Айбек Смадияров Қозоғистон фуқароларининг 44 кишидан иборат биринчи гуруҳини эвакуация қилиш режалаштирилганини, шундан сўнг улар қуруқлик орқали Қоҳирага етказилишини, сўнгра зарур ҳужжатлар текширилгандан сўнг, Қозоғистонга жўнатилишини айтди.

10 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу ва Исроил Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Эли Коэн ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида М.Нуртилеу исроиллик ҳамкасбига Ғазо секторида жойлашган қозоғистонлик фуқароларни эвакуация қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бунга жавобан Э.Коэн Исроил томони Қозоғистон фуқароларини эвакуация қилиш масаласини ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишига ишонтирди.

Аввалроқ Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ғазо секторида 76 қозоғистонлик ва улардан 161 нафарининг оила аъзолари борлиги ҳақида хабар берган эди.

10 ноябрь куни Исроил ва Фаластиннинг ХАМАС гуруҳи ўртасида жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери назорат-ўтказиш пункти учинчи марта тўсиб қўйилгани хабар қилинганди. Араб тилидаги оммавий ахборот воситалари 10-11 ноябрь кунлари чегарадан ўтишнинг тўхтатилиши Ғазо секторидан эвакуация қилинган беморларни ташиш билан бўйича муаммолар билан боғлиқлигини хабар қилди.

Сўнгги хабарлар
telegram