1 октябрдан Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудларида тиббий суғурта тизими жорий этилади
ТASHKENT. Кazinform - 1 октябрдан Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.
Тиббий суғуртани жорий этиш учун йил охиригача “Электрон клиника” ва “Электрон касалхона” ахборот тизимлари ишга туширилади. Бунинг учун шифокорлар махсус курсдан ўтади, муассасалар зарур техника ва тармоқ жиҳозлари билан таъминланади.
“Тиббиётда натижага асосланган молиялаштириш механизми қўлланилади. Дори воситалари тиббий хизматлар ва суғурта доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади ҳамда аҳолидан қўшимча тўлов олинмайди”, — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Ўзбекистон пойтахти ва Сирдарё вилоятида тиббий суғурта жорий этилган бўлса, кейинги йил бошидан Қорақалпоғистонда ҳам жорий этилади. 2026 йил охиригача ушбу тизимни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш режалаштирилган.
“Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси директори Элдор Одиловнинг таъкидлашича, дастлабки босқичда аҳолидан суғурта тўловлари учун қўшимча маблағ ундирилмайди.
“Халқ солиғидан йиғиладиган маблағлар суғурта бадали ҳисобланади. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат, кафолатланган дори-дармонларни молиялаштириш учун Давлат суғурта жамғармасида тўпланади”, – дейди Элдор Одилов.