Владимир Путин Пекинда Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда

Путин
Фото: Алексей Дружинин/РФ Президентининг матбуот хизмати/ТАSS

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин октябрда Пекинда музокара ўтказиши мумкин.

Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев стратегик хавфсизлик бўйича Россия-Хитой маслаҳатлашувларида айтди, деб хабар беради Кazinform агентлиги ТАSSга таяниб.

“Октябрда биз Россия президентининг “Бир камар, бир йўл” халқаро форуми тадбирларидаги иштироки доирасида Пекинда Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўртасида батафсил икки томонлама музокараларни кутмоқдамиз”, – деди у.

Патрушев Москва ва Пекин ўртасидаги муносабатлар ҳурмат, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланишини ва улар "ўз-ўзидан қадрли ва ташқи шароитларга бўйсунмаслигини" таъкидлади.

“Бу муносабат олий даражада, жумладан, ХХР раиси Си Цзиньпиннинг жорий йил 20-22 март кунлари Россияга давлат ташрифи якунлари бўйича давлатларимизнинг қўшма баёнотида ҳам бир неча бор тасдиқланган”, – деди Россия Хавфсизлик кенгаши котиби.

“Бир камар, бир йўл” ташаббуси 2013 йилда Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган бўлиб, қадимий Ипак йўлини рамзий маънода қайта тиклайди. Унинг мақсади Хитойнинг Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Европа, Африка ва бошқа минтақалар бозорларига кириши, шунингдек, кўпроқ мамлакатлар иштирокида халқаро савдо ва инвестиция лойиҳаларини фаоллаштириш ва манфаатдор давлатлар капиталидан фойдаланишдир. 150 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар ташаббусга аллақачон қўшилган.

Сўнгги хабарлар