Марказий Осиё мамлакатларининг олий таълим бўйича ҳамкорлиги кенгаяди
Ўзбекистонда олий таълим соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича халқаро анжуман давом этяпти, деб хабар беради Kazinform ХАА UzAга таяниб.
Тадбирда педагог кадрлар салоҳиятини ошириш, илмий ҳамкорлик ва инфратузилмани такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш, олий таълим соҳасида минтақавий ҳамкорлик, ҳудудларни боғлаш, ички минтақавий ҳаракатчанлик масалалари бўйича таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз маърузасида Ўзбекистонда олий таълимнинг барча учун тенглиги ва унинг очиқлигини таъминлаш, ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш кўламини кенгайтириш, таълим муассасалари базасини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимига қабул жараёни шаффофлигини таъминлаш ва таълим сифатини ошириш борасида эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.
“Педагогика ва методика йўналишларида кадрлар тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича умумий платформа яратилиши лозим. Шу билан бирга, хусусий, академик ва молиявий мустақил олий таълим муассасалари фаолиятини ривожлантиришда Қозоғистон ва Қирғизистон тажрибасини ўрганиш, бунда улар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам яхши самара беради”, – дейди Иброҳим Абдураҳмонов.
Анжуманда Қозоғистон олий таълим ва фан вазири Нурбек Саясат, Қирғизистон олий таълим ва фан вазири ўринбосари Абазбек Расул, Тожикистон олий таълим ва фан вазири Ҳамро Раҳим охирги йилларда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва халқаро ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ҳақида маъруза қилди.
Марказий Осиё мамлакатларининг олий таълим тизимлари ўртасидаги яқин ҳамкорлигини янада кучайтириш юзасидан фикрлар билдирилди. Марказий Осиё илмий-инновацион маркази ёки алоҳида соҳалар кесимида умумий илмий ҳамжамиятларни ташкил қилиш орқали минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал этиш, илмий ва академик алмашинувни таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.