БМТда динлараро ва конфессиялараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу БМТ Цивилизатсиялар Альянси Олий вакили Мигел Анхел Моратинос билан музокаралар ўтказди, дея хабар беради Kazinform ҚР ТИВ матбуот хизматига таяниб.

Қозоғистон ТИВ раҳбари М. Моратиносга Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII Съездидаги иштироки, шунингдек, цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
М.Нуртилеу Цивилизациялар Альянсининг турли динлар ва маданиятлар ўртасида кўприк ўрнатиш миссияси Жаҳон ва анъанавий динлар Съездининг асосий мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади.
Учрашувда М. Моратинос Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари Съездининг динлараро ва конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш имконини берувчи ўзига хослигини юқори баҳолади, шунингдек, VII Съезд якуний декларациясини қабул қилиш муҳимлигини таъкидлади. Учрашув якунлари бўйича томонлар 2024 йилда БМТ штаб-квартирасида VII Съезд Декларациясида белгиланган ғояларни илгари суриш мақсадида қўшма тадбир ташкил этишга келишиб олдилар.
Маълумот учун: Цивилизациялар Альянси 2005 йилда БМТнинг собиқ Бош котиби Кофи Аннан, Испания ва Туркия ташаббуси билан тузилган. Альянснинг асосий мақсади турли динлар ва жамоалар ўртасидаги маданиятлараро мулоқотни яхшилаш учун мамлакатлар, ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва хусусий секторни боғлашдан иборат. Альянснинг дўстлари гуруҳига ҳозирда 160 та давлат киради.