Европарламентда Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистоннинг ноёб уй-рўзғор буюмлари намойиш этилди

Брюсселдаги Европа парламенти биносида “Уфқларни боғлаш – Марказий Осиё ва Мўғулистондан Европа Иттифоқига маданий одиссей” кўргазмаси очилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Европа
Фото: bangkokbook.ru

Европарламентнинг Марказий Осиё ва Мўғулистон билан ҳамкорлик бўйича делегацияси раиси, Европарламент депутати Томаш Здеховский кўмагида Марказий Осиё ва Мўғулистон халқлари анъанавий ҳаёти ва маданиятининг ноёб унсурлари, шунингдек, замонавий рангтасвир объектлари ва фотосуратлар Парламентнинг бош биносида намойиш этилди.

Ташкилотчиларнинг илтимосига кўра Қозоғистоннинг Бельгиядаги элчихонаси томонидан ҳам меҳмонларга Қозоқ хонлиги ва Марказий Осиёнинг бошқа халқлари тасвирланган ноёб қадимий Европа хариталари тақдим этилди.

Қозоғистон Республикаси Элчиси Марғулан Баймухан ўзининг қутлов нутқида Европа Парламенти деворлари доирасида бундай йирик маданий тадбирнинг ўтказилиши ғояси бўлган “Марказий Осиё” эксклюзив сайёҳлик брендини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади. Бу идея 2023 йил сентабрда Тожикистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V маслаҳат учрашуви чоғида ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан таклиф этилган.

Томаш Здеховский ушбу кўргазма орқали Европарламент ходимлари ва меҳмонларига Марказий Осиё цивилизациясининг нафислигини, шунингдек, Марказий Осиё ва Мўғулистоннинг бой маданияти, санъати ва бетакрор табиатини намойиш этиш ниятида эканлигини маълум қилди.

Тадбирда Европарламентнинг кўплаб аъзолари ва ходимлари, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича қуйи қўмита раиси ўринбосари Кристиан Сагартц ва Ташқи ишлар қўмитаси аъзолари Карстен Луке, Френцис Миллан-Мон ва Тьерри Мариани иштирок этди.

 

 

Сўнгги хабарлар