ЖССТ: Конгода Эбола вируси кучайиб бормоқда

ASTANA. Kazinform — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан курашиш учун кейинги уч ой ичида 115 миллион АҚШ доллари кераклигини маълум қилди, деб ёзади BBC.

Фото: report.az

Ташкилотнинг хабар беришича, вирусга қарши чора-тадбирларни молиялаштириш ҳозирча зарур миқдорнинг бор-йўғи 35 фоизини ташкил этмоқда.

ЖССТнинг чоршанба кунги маълумотларига кўра, Конго Демократик Республикасида Эболага чалинишнинг 344 та ҳолати тасдиқланган ва 60 киши вафот этган.

Қўшни Угандада тўққиз киши вирус билан касалланган, бир киши эса вафот этган.

Шунингдек, яна бир кишида инфекция юққан бўлиши мумкин деган гумон мавжуд.

Илк бор қайд этилган Итури вилоятида тиббиёт ходимларининг хавфсизлиги долзарб масалага айланган.

Сўнгги вақтларда Эболага қарши даволаш марказлари ва беморлар ётган шифохоналарга бир неча марта ҳужумлар уюштирилган.

Қуролли тўқнашувлар ва зўравонлик ҳаракатлари вирусга қарши курашни қийинлаштирмоқда.

Бунинг натижасида тиббиёт ходимлари беморлар билан алоқада бўлган шахсларни аниқлаш, янги юқиш ҳолатларини қайд этиш ва ўз вақтида ёрдам кўрсатишда тобора қийналмоқда.

ЖССТ мутахассислари вируснинг янада кенгайиб кетиш хавфи сақланиб қолаётганини таъкидлади.