2026 йил 25 ноябрда «Жибек жоли» (Туркистон вилояти) ва «Ғишткўприк» (Тошкент вилояти) модернизация қилинган чегара ўтказиш пунктларининг биргаликда очилиш маросими бўлиб ўтди.
Модернизация ишлари доирасида ўтказиш пунктида умумий майдони қарийб 10 минг квадрат метр бўлган иккита йўловчи терминали, шунингдек, автотранспорт воситаларини текшириш учун 6 минг квадрат метр майдонни эгаллаган ёпиқ иншоот қурилди. Кириш йўналишидаги ҳаракат йўлаклари сони иккитадан олтитагача кўпайтирилиб, йўловчилар ва транспорт оқимлари бир-биридан ажратилди. Энг гавжум вақтларда инфратузилма бир суткада 100 минг нафаргача кишига хизмат кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, терминаллар паспорт назорати учун 82 та кабинa ва 20 та автоматлаштирилган Q-gate тизими билан жиҳозланди. Рентген аппаратлари, сканерлар, радиация назорати ускуналари, шунингдек, автобуслар ва енгил автомобилларни текшириш мажмуалари ўрнатилди. Бу хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда назорат жараёнлари самарадорлигини ошириш, чегарадан ўтиш вақтини қисқартириш ва маъмурий харажатларни камайтириш имконини беради.
Янгиланган инфратузилма Қозоғистон учун бир қатор янги имкониятларни очади. Энг аввало, йўловчилар оқими ва истеъмол талаби ортади. Хориждан келувчиларнинг яшаш, овқатланиш, транспорт, экскурсия ва савдога сарфлайдиган маблағлари мамлакатдаги товар айланмасини кўпайтириб, корхоналар даромади ва солиқ тушумларининг ўсишига, шунингдек, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, мамлакатга келадиган сайёҳлар сонини ошириш учун қулай шароит яратилмоқда. Модернизация қилинган ўтказиш пункти икки мамлакат ҳудудида автобус саёҳатлари, шахсий автомобилларда сафарлар ва аралаш туристик йўналишларни ташкил этиш имконини беради. Қозоғистонлик туроператорлар бундай туристик дастурларга Чимкент, Туркистон ва бошқа йўналишларни киритиб, хорижий сайёҳларнинг мамлакатда бўлиш муддатини узайтириши мумкин. Бу туристик хизматлар экспортини оширишга ҳам йўл очади.
Туркистон вилояти ва Чимкент шаҳрида ушбу лойиҳа меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш масканлари, савдо, экскурсия хизматлари ва йўл бўйи сервисини ривожлантиришга туртки беради. Бу, айниқса, кичик ва ўрта бизнес учун муҳим: ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари кенгаяди ва сервис инфратузилмасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун замин яратилади.
Бундан ташқари, замонавий инфратузилма мунтазам йўловчи автобус қатновлари ва туристик ташувларни, жумладан, Қозоғистон ҳудуди орқали ўтувчи транзит йўналишларни ривожлантириш, шунингдек, қўшни ўтказиш пунктларига тушадиган юкламани қайта тақсимлаш имконини беради.
Чегара ўтказиш пунктларини модернизация қилиш чегаранинг ҳар икки томонида ҳам мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилди. Бу ишбилармонлик сафарлари ва музокаралар ўтказиш, ҳамкорлар топиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат туроператорлари ва ташувчилари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратади. Бундан ташқари, янгиланган ўтказиш пункти оилавий, таълимий, маданий ва ишбилармонлик сафарларини ташкил этишни осонлаштириб, фуқаролар ва ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиёда транспорт алоқаларининг ўзаро боғлиқлигини оширишга хизмат қилади.
2024 йилнинг ўзида «Жибек жоли» чегара ўтказиш пункти орқали 11 миллиондан ортиқ киши ўтган. Бу мазкур йўналишга талаб юқори эканини кўрсатади. Ўтказиш пункти жисмоний шахслар, енгил автомобиллар ва автобусларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида «Жибек жоли» ва «Ғишткўприк» ўтказиш пунктлари очилгани ҳақида хабар берган эдик.