Агентликнинг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 сайлов округидаги 1730 сайлов участкасида фуқаролар ўзлари танлаган номзодга такрорий овоз берди.
Унда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 15, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 11, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан 10, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 9, Ўзбекистон Экологик партиясидан 5 нафар номзод иштирок этди. Уларнинг 18 нафарини аёллар ташкил этди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган мажлисида маълум қилинишича, такрорий овоз беришда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 11, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 2, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партиясидан 4 тадан номзод Қонунчилик палатаси депутатлигига ўтган.
Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан 43 номзод парламент депутатлигига сайланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринга эга бўлганди.