Рибакина якка баҳсда 2022 йилда Уимблдонни, Радукану эса 2021 йилда АҚШ очиқ чемпионатини ютган. Аммо улар жуфтлик тоифасида жуда кам иштирок этади.
Бу сафар Рибакина – Радукану дуэти мусобақанинг тўртинчи ракеткалари – словак Тереза Михаликова ва яна бир британлик Оливия Николлсга қарши майдонга тушди.
Учрашувни фаворит деб баҳоланган Михаликова – Николлс жуфти яхши бошлади – 6:2.
Бироқ иккинчи сетда Рибакина – Радукану тай-брейкда кучли ирода намоён этди – 7:6 (7:4). Супер тай-брейкда эса 11:9 ҳисобида ғалабага эришди.
Бир соат 53 дақиқага чўзилган кескин беллашув давомида Рибакина – Радукану 3 эйс ва 7 брейк-пойнтдан 3 тасини амалга оширди. Михаликова – Николлс жуфти эса 2 эйс ва 13 брейк-пойнтдан 5 тасини фойдаланди.
Шу тариқа кутилмаган тарзда чорак финалга йўл олган Елена Рибакина – Эмма Радукану жуфтининг навбатдаги рақиблари кейинроқ маълум бўлади.