Ўзбекистонлик шахматчи Муҳаммадзоҳид Суяров Германияда нуфузли турнир ғолибига айланди

TASHKENT. Kazinform — Германияда шахмат бўйича ўтказилган мукофот жамғармаси 285 минг евродан иборат “Grenke Chess Festival-2026” турнирининг классик йўналишидаги баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик ёш гроссмейстер Муҳаммадзоҳид Суяров 1-ўринни қўлга киритди, деб хабар беради UzA.

Фото: ҚР Туризм ва спорт вазирлиги

Ўзбекистонлик шахматчи Суяров 9 та турдан иборат баҳсларни мағлубиятсиз якунлади. 7 та ғалаба, 2 та дуранг қайд этган Муҳаммадзоҳид 8 очко билан 1-ўринни эгаллаши ортидан 20 минг евро миқдоридаги соврин жамғармасига эга чиқди.

Шунингдек, турнирнинг ушбу йўналишида ўз имкониятини синовдан ўтказган ўзбекистонликлардан Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Ҳумоюн Бекмуратов 6,5 очко билан, Гулруҳбегим Тоҳиржонова 6 очко билан 94-ўринни эгаллади.

Мусобақанинг “Freestyle оpen” ўйинларида дона сурган Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибдаги шахматчиларидан Нодирбек Абдусатторов 7 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 317 нафар шахматчи орасида 7-ўринни, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов 6,5 очко билан 11 ва 18-қаторларни, Афруза Ҳамдамова 5 очко билан 80-поғонани банд этди.

“Freestyle оpen” йўналишида германиялик Винсент Кеймер 9 та имкониятдан 7,5 очко жамғарган ҳолда қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Франциялик Максим Вашье-Лаграв 7,5 очко билан 2-ўринни, Магнус Карлсен 7 очко билан 3-ўрин соҳибига айланди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик Нодирбек Ёқуббоев Магнус Карлсен билан куч синашиши ҳақида хабар берган эдик.