Ўзбекистонда цемент заводлари қурилиши тақиқланади

Фото: Фото: Туркистон вилояти ҳокими матбуот хизмати

TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистонда цемент заводлари қурилишига мораторий эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда ЎР Олий Мажлис Қонунчилик палатасида маъруза қилган Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, деб хабар беради Kazinformнинг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар.

Вазирлик раҳбарининг айтишича, шу кунга қадар қурилган 47 та заводдан 23 таси ишламай қолган. 25 та корхона ишини ўрганиш жараёнида уларнинг 90 фоизида экологик талаблар бузилгани аниқланган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ҳукумати цемент заводлари қурилишига мораторий эълон қилишни режалаштирмоқда. Азиз Абдуҳакимов таъкидлаганидек, айрим корхоналар туризмни ривожлантириш учун қулай тоғли ҳудудларда жойлашган.

“Биз бир қанча фактларни ўрганиб чиқдик. Шахсан мен цемент заводи жойлашган Жиззах вилояти Зафаробод туманига бордим. У ерда дарахтлар ва 5-10 км атрофидаги ҳудуд чанг босган. Бу ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар этказишдан далолат беради. Бундан ташқари, биз амалдаги қонунчиликни таҳлил қилдик. Бугунги кунда бундай камчиликлар учун заводларга атиги 100-200 миллион сўм (3,6-7,2 миллион тенге) жарима солинади”, – деди вазир.

Азиз Абдуҳакимов корхоналарни замонавий чанг ва газ фильтрларини ўрнатишга мажбурлаш мақсадида камида 10 миллиард сўм (362 миллион тенге) миқдорида жарима белгиланиши режалаштирилаётганини айтди.

“Ўзбекистондаги цемент заводлари ҳозирги эҳтиёждан бир неча баробар кўп маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Бу масала бош вазир раислигида ўтказилган ҳукумат йиғилишида муҳокама қилинди. У ерда бошқа янги цемент заводлари қурилмаслигига қарор қилинди. Балки мораторий эълон қилинар”, – деди Азиз Абдуҳакимов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳаво сифати ёмонлашганда корхоналарнинг иш вақти чекланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Бундан ташқари, аввалроқ экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон пойтахтида автомобилларга бир қатор чекловлар жорий этиш таклиф қилингани ҳақида ёзган эдик. Хусусан, АИ-80 русумли ёқилғидан фойдаланишни тақиқлаш, 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча автомототранспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш, кўмир ва мазутдан фойдаланишдан воз кечиш тавсия этилди.