Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,0 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2025 йил апрель — 110,1 %) нисбатан 3,1 фоиз бандга пасайди.
Апрель ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,0 % га, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 % га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,4 % га қимматлашгани кузатилган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан лимон (14,2 %), булғор қалампири (10,3 %), картошка (6,5 %), олма (4,5 %), банан (6,0 %), қўй гўшти (3,7 %), мол гўшти (3,2 %), сабзи (3,2 %), шакар (2,2 %) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатди.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида бодринг (-26,1 %), товуқ тухумлари (-3,6 %), кўкатлар (-3,3 %), пиёз (-2,7 %), помидор, карам (-2,4 %), парранда гўшти (-1,5 %) ва барча навдаги гуруч, гуруч оқшоғи (-1,1 %) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан шампунлар (2,9 %), бензин (1,4 %) нархлари ўсиши шунингдек, пропан (-2,8 %), йирик ошхона приборлари (-0,7 %), тошкўмир (бозор нархлари) (-0,7 %) нархи пасайиши кузатилди.
Шунингдек, xизматлар нархи ва тарифларида йўловчи ҳаво транспорти (2,4 %), маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш (2,4 %), электр самокатлар ёки электр велосипедлар ижараси (прокат) (2,1 %) ва кинотеатр хизматлари (1,3 %) нархлари ошиши асосий омил бўлиб хизмат қилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 1,3 млнга яқин нархлар қайд этилган. 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.
Эслатиб ўтамиз, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг март ойида Ўзбекистон истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган.