Туркиянинг Энергия бозорини тартибга солиш бошқармаси (EPDK) маълумотларига кўра, июль ойида табиий газ импорти қарийб 3,06 миллиард куб метрни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу ойидаги кўрсаткичдан 21,7 фоизга кам. Шундан қувур орқали етказиб берилган газ ҳажми 2,87 миллиард куб метрни, суюлтирилган табиий газ ҳажми эса 194,05 миллион куб метрни ташкил этди.
Қувур орқали газ етказиб беришда энг катта улуш Озарбайжон ҳиссасига тўғри келди — 1 миллиард куб метрдан ортиқ. Ундан кейин Россия — 948,49 миллион куб метр ва Эрон — 919,33 миллион куб метр кўрсаткич билан қайд этилди. Туркия суюлтирилган табиий газнинг бутун ҳажмини Жазоирдан импорт қилди.
Табиий газ истеъмоли ҳам 25,2 фоизга камайиб, 2,65 миллиард куб метрни ташкил этди. Июль ойи охирида газ захиралари 5,64 миллиард куб метрга етди ва бир йил ичида 30,5 фоизга ошди.
Июль ойида нефть ва нефть маҳсулотлари импорти қарийб 4,52 миллион тоннани ташкил этиб, йиллик ҳисобда 6,9 фоизга камайди. Шу билан бирга, хом нефть импорти 0,32 фоизга ўсиб, 2,93 миллион тоннага етди.
Нефть ва нефть маҳсулотларининг асосий етказиб берувчиси Россия бўлиб қолди — 1,66 миллион тонна. Ундан кейин Ироқ — 653,5 минг тонна ва Қозоғистон — 508 минг тонна кўрсаткич билан қайд этилди. Қозоғистоннинг улуши умумий импорт ҳажмининг 11,24 фоизини ташкил этди.
Аввалроқ Туркия энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтираётгани ҳақида хабар берган эдик.