Тоқаев: Халқаро сув ташкилотини тузиш ташаббуси қўллаб-қувватланишига ишонаман

ASTANA. Kazinform — Қозоғистоннинг Халқаро сув ташкилотини тузиш ташаббуси ШҲТ саммитида илгари сурилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Фото: Акорда

Тадбир давомида сув хавфсизлиги дунё кун тартибидаги долзарб масалалардан бири сифатида қайд этилди.

“Озиқ-овқат, энергетика ва ижтимоий соҳалардаги барқарорлик, шунингдек, иқтисодий тараққиёт сувга бевосита боғлиқ. Бироқ сув ресурсларини глобал бошқариш тизими ҳали тўлиқ шакллангани йўқ. Сув муаммолари билан БМТнинг ўнлаб тузилмалари шуғулланади. Аммо кенг ваколатларга эга ягона универсал ҳукуматлараро ташкилот ҳануз ташкил этилмаган. Шу сабабли Қозоғистон БМТ доирасида Халқаро сув ташкилотини таъсис этишни таклиф қилди. Унинг вазифаси мавжуд механизмларни такрорламасдан, аксинча, умумий ишни мувофиқлаштириш, ҳукуматлар ўртасида мунтазам мулоқотни таъминлаш, ресурсларни сафарбар этиш ва ўзаро келишилган ечимларни ишлаб чиқишдан иборат. ШҲТнинг Сув масалаларини таҳлил қилиш маркази ушбу глобал ташаббусни минтақавий даражада тўлдириши мумкин эди. БМТ доирасида Халқаро сув ташкилоти ва ШҲТнинг Сув масалаларини таҳлил қилиш марказини ташкил этиш ҳақидаги таклифим аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланишига ишонаман”, — деди Президент.

Давлат раҳбари сўзининг якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Евроосиё ҳудудидаги мамлакатларнинг узоқ муддатли ва муваффақиятли ривожланишини таъминлаш учун етарлича имкониятга эга эканини таъкидлади.

“Умумий ва яхлит хавфсизлик, тенг ҳуқуқли суверенитет ва ўзаро ҳурмат тамойилларини халқаро муносабатларнинг ажралмас қисми сифатида мустаҳкамлаш — умумий масъулиятимиздир. Шанхай ташкилоти хавфсиз ва барқарор жаҳон тартибини барпо этишга муносиб ҳисса қўшишига ишонаман. Қозоғистон Ташкилот доирасидаги барча ҳамкор давлатлар билан айнан шу йўналишда конструктив иш олиб боради”, — деди Қрсим-Жомарт Тоқаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида бир қатор ҳужжатлар имзолангани ҳақида хабар берган эдик.