Тоқаев БМТ таркибида Халқаро сув ташкилотини тузишни таклиф қилди
АSHGABAT. Кazinform — Қозоғистон Президентининг сўзларига кўра, давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик глобал сув дипломатиясини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. Давлат раҳбари бу ҳақда Туркманистондаги халқаро форумда айтди.
Президентнинг сўзларига кўра, БМТ тизимида фақат сув масалалари билан шуғулланадиган ихтисослашган тузилма йўқ. Бу муаммо имкон қадар тезроқ ҳал қилиниши керак.
— Қозоғистон Халқаро сув ташкилотини тузишни таклиф қилмоқда. Бу БМТ доирасидаги турли ташкилотларнинг барча ваколатларини битта мақсадга йўналтириш имконини беради. Энг мақбул ечим UN-Water идоралараро механизмини БМТнинг тўлақонли ихтисослашган агентлиги ёки ташкилотига айлантириш бўлади. Бундай ташаббусни амалга ошириш БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари ва бутун халқаро ҳамжамият манфаатларига мос келади. Келгуси йили апрель ойида Астанада Минтақавий экологик саммит бўлиб ўтади. Ушбу учрашувда Қозоғистон глобал сув ташкилотини яратиш бўйича халқаро маслаҳатлашув жараёнини бошлаш ниятида. Ишончим комилки, умумий сиёсий ирода туфайли кун тартибидаги долзарб сув масалалари тизимли равишда ҳал этила бошлайди, — деди Давлат раҳбари.
Қозоғистон Президенти нутқини якунлаб, Ашхобод форуми манфаатдор давлатларнинг конструктив ҳамкорлигини ва дунёда адолатли тартибни яратишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлашга янги туртки беришига ишонч билдирди.
Учрашувда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Россия Президенти Владимир Путин, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён, Арманистон Президенти Ваагн Хачатурян, Ироқ Президенти Абдул Латиф Рашид, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Сан-Томе ва Принсипи Президенти Карлуш Мануэл Вила-Нова, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Мьянма Бош вазири Ньо Со, Эсватини Бош вазири Рассел Дламини иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Туркманистоннинг доимий бетарафлигининг 30 йиллигига бағишланган форумда иштирок этди.