Шарқий Қозоғистон корхонаси Европанинг 27 та давлатига асал сотади

Фото: Коллаж: Kazinform/Canva

ASTANA. Kazinform – Шарқий Қозоғистон корхонаси Европанинг 27 та давлатига асал етказиб бериш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Нуримбет Сақтағанов Астанада минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бағишланган маърузасида маълум қилди.

Ҳокимнинг таъкидлашича, жорий йилда вилоят қишлоқ хўжалигида барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Ғалла етиштириш 101,5 фоизга, мойли экинлар етиштириш 107 фоизга ошди.

“Қайта ишланган экспорт маҳсулотлари улуши 66 фоиздан 71 фоизга ошди. Рақамли тизимдан фойдаланиш экин майдонларининг 40 фоизида ҳосилдорликни гектарига 30 центнергача ошириш имконини берди”, – деди вилоят ҳокими Марказий коммуникациялар хизматида.

Агросаноат мажмуасида ташқи ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Хитой, Россия ва Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.

“Биз Хитойнинг йирик савдо компаниялари билан умумий қиймати 50 миллион долларлик мойли ўсимликлар етказиб бериш бўйича шартномалар имзоладик. Шунингдек, жорий йилда чорвачилик маҳсулотларини Хитой бозорига олиб чиқиш учун махсус сертификатлаштириш лабораторияси ташкил этилиб, унинг хулосалари дунёнинг 112 та давлатида эътироф этилмоқда. Бизнинг ишлаб чиқарувчилар Европа комиссияси рўйхатига киритилган биринчи қозоғистон корхонаси сифатида Европанинг 27 та давлатига Шарқдан асал етказиб бериш имкониятига эга бўлди”, – деди Н.Сақтағанов.

Вилоят балиқчиликда ҳам етакчи ҳисобланади. Жорий йилда 2,5 минг тонна балиқ етиштириш мўлжалланяпти. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда Шарқий Қозоғистон вилояти иқтисодиёти барқарор ижобий динамикани намоён этаёгани ҳақида хабар берган эдик.

Жорий йилда Шарқий Қозоғистон вилоятида умумий қиймати 55 миллиард тенге бўлган 15 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида 400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.