Миллий иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Азамат Амриннинг сўзларига кўра, пуллик хизматлар нархлари октябрь ойида 0,8% га пасайди. Бу коммунал хизматлар тарифлари ва ёқилғи нархларини оширишга мораторий кучга кириши билан боғлиқ. Мораторий 16 октябрда жорий этилган.
— Октябр ойида йиллик инфляция 0,3 фоиз пунктига пасайди ва 12,6% ни ташкил этди. Бу кўрсаткич сентябрь ойида 12,9% ни ташкил этди. Республиканинг 10 та ҳудудида инфляция даражаси 10% дан юқори бўлди. Энг катта ўсиш Қарағанди (14,2%), Улитау (14,2%), Атирау (13,8%), Ақтўбе (13,5%) вилоятларида, шунингдек, Чимкент (13,2%) ва Астана шаҳрида (13%) қайд этилди, — деб таъкидлади Азамат Амрин.
Октабр ойида ойлик инфляция 0,5% ни ташкил этди, бу сентябрь ойига нисбатан пастроқ. Озиқ-овқат инфляцияси 1% ни, озиқ-овқат бўлмаган инфляция эса 1,2% ни ташкил этди.
Барча ҳудудларда сабзавотларни харид қилиш тўлиқ якунланди. Сабзавот ва мол гўшти нархларини барқарорлаштириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳокимликлар аҳолининг уч ойлик талабига мувофиқ харидлар ҳажмини 30% дан 50% гача оширдилар.
Натижада асосий маҳсулотларни харид қилиш ҳажми қуйидаги кўрсаткичларга ошди: картошка 117,5 минг тоннадан 146,8 минг тоннагача (+25%); сабзи 28,1 минг тоннадан 35,3 минг тоннагача (+26,6%); пиёз 21 минг тоннадан 27,4 минг тоннагача (+30,4%); карам 26,6 минг тоннадан 37,2 минг тоннагача (+43,6%); мол гўшти 1,6 минг тоннадан 9,9 минг тоннагача, бу дастлабки ҳажмдан 6,2 баравар кўп.
Натижаларни сарҳисоб қилар экан, Серик Жуманғарин ҳокимликлар ва давлат органларига ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, озиқ-овқат инфляциясига таъсир қилувчи бошқа товарлар (помидор, бодринг, қийма, томат пастаси, балиқ ва бошқа маҳсулотлар) устидан нархларни назорат қилишни кучайтиришни буюрди. Шунингдек, у аҳолининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига тўғридан-тўғри киришини таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги ярмаркалари сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Серик Жуманғарин уч йиллик бюджет бўйича изоҳ бергани ҳақида ёзган эдик.