Россия 100 граммдан ортиқ оғирликдаги олтин қуймаларни мамлакатдан олиб чиқишни тақиқлади

ASTANА. Кazinform – Россия президенти Владимир Путин 100 граммдан ортиқ оғирликдаги тозаланган олтин қуймаларни мамлакатдан олиб чиқишни тақиқловчи фармонни имзолади, деб хабар беради ТАСС.

Фото: Ағибай Аяпбергенов / Kazinform

Ҳужжат расмий ҳуқуқий ахборот веб-сайтида эълон қилинди.

— 2026 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун Россия Федерациясидан умумий оғирлиги 100 граммдан ортиқ бўлган тозаланган олтин қуймаларни қуйма шаклида олиб чиқиш тақиқланади, — дейилади фармонда.

Ҳужжатда шунингдек, бир қатор истиснолар кўзда тутилган. Хусусан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатларига олтин қуймаларни олиб чиқиш Россия Федерал пробир палатасининг (ФПП) махсус рухсатномаси асосида Внуково, Шереметьево, Домодедово ва Кневичи халқаро аеропортлари орқали амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, ЕОИИ аъзоси бўлмаган мамлакатларга маълум шартлар асосида олтин қуймаларни олиб чиқишга рухсат берилади. Бунинг учун юқорида айтиб ўтилган аэропортлардан ўтиш ва ФППдан рухсатнома олиш керак. Бундан ташқари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга олтин қуймаларни ЕОИИга аъзо бўлмаган давлатларга олиб чиқишда маълум имтиёзлар берилади.

Эслатиб ўтамиз, Россия меҳнат мигрантлари учун янги қоидалар жорий этади.