Президент «Самруқ-Қазна»нинг 2027-2029 йилларга мўлжалланган 21 трлн тенгелик режаси билан танишди

ASTANA. Kazinform — Давлат раҳбари «Самруқ-Қазна» АЖ бошқарув раиси Нурлан Жақиповни қабул қилди, деб хабар беради Ақорданинг матбуот хизмати.

Фото: Акорда

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев «Самруқ-Қазна» жамғармасининг фаолияти, асосий ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичларнинг бажарилиши ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳақидаги ҳисоботни тинглади.

Нурлан Жақиповнинг айтишича, 2026 йилда Жамғарма умумий қиймати 3,2 трлн тенге бўлган инвестиция лойиҳаларини якунлашни режалаштирмоқда. Улар орасида Мўйинти – Қизилжар, Дарбаза – Мақтаарал темир йўл линияларини қуриш, Олтинкўл – Жетиғен, Бейнеу – Манғистау темир йўл участкаларини модернизация қилиш, Қашаған конида газни қайта ишлаш заводини қуриш, Алматидаги иккинчи иссиқлик электр марказини модернизация қилиш, Туркистон вилоятида буғ-газ қурилмаси ва гибрид электр станциясини қуриш лойиҳалари бор. Шунингдек, Астанада маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриш ҳамда Каспий денгизи тубидан толали-оптик алоқа тармоғини ётқизиш ишлари якунланиш арафасида.

Президентга Жамғарманинг инвестиция портфели ҳақида маълумот берилди. Мазкур йўналишда 2027-2029 йилларда энергетика, нефть-газ сектори, транспорт ва рақамли инфратузилма соҳалари бўйича умумий қиймати 21 трлн тенге бўлган 38 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Нурлан Жақипов Жамғарманинг ижтимоий лойиҳалари амалга оширилиши ҳақида ҳисобот берди. Тиббий ва ижтимоий объектларни қуришга устувор аҳамият берилиб, ногиронлиги бўлган болалар учун 55 та марказ ва 46 та инклюзия кабинети очилган. Шунингдек, спорт ва таълим инфратузилмасини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раиси Мадина Абилқосимовани қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди.