Президент Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузовни қабул қилди

ASTANА. Кazinform – Учрашувда Евроосиё тараққиёт банкининг сўнгги 20 йилдаги фаолияти натижалари ва инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ақорда

Давлат раҳбари молия институтини ташкил этилганининг 20 йиллиги билан табриклади.

Қасим-Жомарт Тоқаев Евроосиё тараққиёт банки Қозоғистоннинг стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишдаги асосий ҳамкорларидан бири эканлигига эътибор қаратди.

Николай Подгузов Давлат раҳбарига Евроосиё тараққиёт банкининг прогнозини тақдим этди. Унга кўра, бу йил мамлакат ялпи ички маҳсулоти камида 5,5 фоизга ўсади. Бунга инвестициялар суръати, кенг кўламли инфратузилма дастурлари, шунингдек, ички талаб ва ижтимоий кўрсаткичларнинг барқарорлиги таъсир қилади.

Президентга банкнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида инвестицияларнинг умумий ҳажми 9,2 миллиард долларга етгани маълум қилинди. Қозоғистон иқтисодиётига 5,2 миллиард доллар сармоя киритилди. Бу — банкнинг сўнгги 15 йилдаги инвестицияларига тенг.

Хусусан, саноатни ривожлантиришга 2,1 миллиард доллар, энергетика секторига 1 миллиард доллар, транспорт инфратузилмасига 1 миллиард доллар ва молия секторига 1,1 миллиард доллар йўналтирилди. Рақамлаштиришни ривожлантириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат раҳбари молия институти хизмат кўрсатадиган ҳудудлар сезиларли даражада кенгайганини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, бу янги ташаббусларни амалга ошириш ва минтақавий иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев ва Николай Подгузов Қозоғистон иқтисодиётини барқарор ривожлантириш мақсадида стратегик шериклик ва инвестиция ҳамкорлигини янада кучайтириш ниятида эканликларини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев Бухорода норасмий учрашув ўтказади.