Озарбайжон ва Ўзбекистон қўшма мусиқий лойиҳани амалга оширишга келишиб олди

ASTANА. Каzinform – Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида қўшма мусиқий лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради АЗEРТАДЖ.

Фото: АЗЕРТАДЖ

Тошкентдаги Боку элчихонаси қошидаги Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Акиф Маърифли ва Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори Камолиддин Ўринбоев ўртасидаги учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар мусиқа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, талабаларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илмий ва ижодий тажриба алмашиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишлари бўйича фикр алмашдилар.

Учрашув давомида мусиқий таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш ижрочилар учун янги имкониятлар очиш ва келажакда турли форматдаги қўшма маданий тадбирларни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Консерватория қошидаги Мусиқа чолғулари музейида турли мамлакатлар маданиятларини акс эттирувчи экспозициялар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, Озарбайжон миллий мусиқаси ва чолғуларига бағишланган "Озарбайжон бурчаги"ни очиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ташриф давомида меҳмонлар талабаларнинг концерт дастуридан завқланишди ва ёш мусиқачиларнинг чиқишларини юқори баҳоладилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги корхоналар сони 368 тага етди.