ОРЕС жамғармаси Қозоғистондаги лойиҳаларни молиялаштиради

Фото: Фото: Мақсат Шағирбаев/Kazinform

АSTANА. Kazinform – Бугун Сенатнинг ялпи мажлисида "Қозоғистон Ҳукумати ва OPEC Халқаро тараққиёт жамғармаси ўртасидаги хусусий сектордаги операцияларни ташкил этиш тўғрисидаги асосий келишувни ратификациялаш тўғрисида"ги Қонун маъқулланди.

— Бу келишув давлатимиз иқтисодиётининг ўсишига ва унинг барқарорлигини оширишга қаратилган. Келишувнинг асосий мақсади — қозоғистонлик хусусий компанияларнинг ОРЕС жамғармаси молиявий воситаларидан фойдаланишини енгиллаштириш учун барқарор платформа яратиш. OPEC Халқаро тараққиёт жамғармасининг асосий вазифаси – ривожланаётган мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини қўллаб-қувватлаш. Жамғарма 50 йил давомида дунёнинг 125 мамлакатида 4 мингдан ортиқ лойиҳани амалга ошириб, жами 30 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратди. Сўнгги 20 йилда Марказий Осиё мамлакатларига 1,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвестиция жалб қилинди. Хусусан, келишув нормалари узоқ муддатли молиялаштиришни, инвестицияларни ҳимоя қилишни ва ҳамкорликнинг мослашувчан шартларини таъминлашга асосланган, — деди сенатор Сакен Арубаев.

Қонун нормалари билан Қозоғистон ҳудудида ОРЕС жамғармаси тўлиқ ҳуқуқий шахс сифатида танилиб, тўғридан-тўғри солиқлардан озод қилинади, шунингдек, унга халқаро ташкилотларга нисбатан иммунитетлар ва имтиёзлар берилади. Жамғармага давлат кафолатлари бериш талаб қилинмаган бўлса-да, хусусий сектор лойиҳалари Ҳукумат билан келишилади.

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

– инфратузилмани қуриш ва ривожлантириш;

– иқлим ўзгаришига қарши чоралар;

– озиқ-овқат хавфсизлиги;

– энергетик ўзгаришга ёрдам бериш;

– рақамлаштириш ва инновациялар;

– кичик ва ўрта бизнесга иқтисодий имкониятлар яратиш.

— Бу ўз навбатида бозор шароитлари билан солиштирганда, айниқса капитални кўп талаб қиладиган ва узоқ муддатли лойиҳалар учун жуда қулай шароит ҳисобланади. Бундан ташқари, ОРЕС жамғармасидан ажратилган маблағларнинг сарфланиши ва инвестициявий дастурларининг бажарилиши қатъий назоратда бўлиши келишилган. Қонунни қабул қилиш молия жалб қилиш манбаларининг кенгайишига, молия ташкилотлари ўртасида рақобатнинг ошишига, хусусий секторга инвестициялар ва технологияларнинг кириб келишига, янги корхоналар ва иш ўринларининг яратилишига, араб мамлакатларининг халқаро молия институтлари билан ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига, инвестициявий муҳит ва мамлакатнинг халқаро нуфузининг ошишига имконият яратади. Қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-иқтисодий ёки ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқармайди ва бюджетдан қўшимча харажатларни талаб қилмайди, — деди депутат.

Умуман, фоиз ставкалари йиллик 2,5% дан 5% гача, имтиёзли давр 6 ойдан 24 ойгача кўзда тутилади. Қарз олиш муддати 22 йилгача бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва ОПЕК+ мамлакатлари 2026 йил январь-март ойлари учун нефть қазиб олиш бўйича келишиб олдилар.