Номзодлар турнири: ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров Праггнанандхани мағлуб этди

TASHKENT. Kazinform — Кипрда давом этаётган шахмат бўйича Номзодлар турнирининг ортда қолган 10-тур баҳсларидан кейин Жавоҳир Синдоров очколари сонини 10 тага етказиб, яқин таъқибчиларидан 2 очко олдинлаб кетди, деб хабар беради UzA.

Фото: UzA

Кеча ўтказилган 10-тур мусобақасида Жавоҳир оқ доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандхани мағлубиятга учратди.

Бу Синдоровнинг 8 очко жамғариб турнир жадвалидаги етакчилигини янада мустаҳкамлашини таъминлаш билан бирга, Номзодлар турнирлари тарихида энг кўп ғалабага эришган шахматчилар рекордини янгилашига олиб келди.

Жавоҳирнинг энг яқин таъқибчиси ҳисобланган нидерландиялик Аниш Гири оқ доналарда АҚШ вакили Хикару Накамура билан муроса йўлини танлади.

Мазкур турда Андрей Есипенко — Маттиас Блюбаум, Вэй И — Фабиано Каруана қарама-қаршилигидаги ўйинларда ҳам дуранг қайд этилди.

Аёллар ўртасида ўтган 10-тур учрашувларида қозоғистонлик Бибисара Асаубаева оқ доналарда хитойлик Чжу Цзинерни, россиялик Александра Горячкина қора доналарда ҳиндистонлик Дивья Дешмухни мағлуб этган бўлса, Анна Музичук — Вайшали Рамешбабу ва Катерина Лагно — Тан Чжунъи жуфтлигидаги ўйинларда кучлар тенг келди.

Бугун, 10 апрель иштирокчилар учун дам олиш куни сифатида белгиланган.

Эртага ўтказиладиган 11-тур баҳсида Жавоҳир оқ доналарда АҚШ вакили Каруана билан рўбарў келади. Улар ўртасида ўтган 4-турда Синдоров оқ доналарда ғалабага эришган эди.

Шунингдек, 11-турда Аниш Гири — Андрей Есипенко, Хикару Накамура — Вэй И, Праггнанандха — Маттиас Блюбаум “жанг”лари бўлиб ўтади.

Таъкидлаш жоизки, 16 апрелга қадар давом этадиган Номзодлар турнирининг мукофот жамғармаси — 1 миллион евро.

Эслатиб ўтамиз, Номзодлар турнирида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров Блюбаум билан дуранг ўйнади.