Lotte Қозоғистонда иккита меҳмонхона қуради

ASTANA. Kazinform — Давлат раҳбари Lotte Group компанияси директорлар кенгаши раиси Дон Бин Шинни қабул қилди.

Фото: Акорда

Ақорданинг маълум қилишича, Қасим-Жомарт Тоқаев Lotte компанияси икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётган ишончли ҳамкор эканини таъкидлади.

Президент кореялик компаниянинг мамлакатимиз озиқ-овқат саноатидаги фаолиятини юқори баҳолаб, «Рахат» брендини илгари суриш, шунингдек, Алмати ва Чимкент шаҳарларидаги ишлаб чиқариш майдонларини модернизация қилиш бўйича муваффақиятли лойиҳаларига эътибор қаратди.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва минтақавий ҳамда халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш бўйича Lotte Global Logistics режаларига тўхталди.

Фото: Акорда

Учрашув давомида меҳмонхона бизнесини ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Давлат раҳбари Алмати шаҳрида Lotte бренди остида қуриладиган биринчи меҳмонхона қурилиши бўйича келишувни маъқуллаб, ушбу ташаббус компаниянинг Қозоғистондаги фаолият кўламини кенгайтириш нуқтаи назаридан истиқболли эканини таъкидлади.

Дон Бин Шин компаниянинг озиқ-овқат саноати, логистика хизматлари ва меҳмонхона бизнеси соҳаларига инвестиция киритиш режаларини тасдиқлади. Шунингдек, у Alatau City лойиҳасини ривожлантиришда, жумладан, Iconic Complex мажмуасини қуришда иштирок этиш нияти борлигини билдирди.

Фото: Акорда

Учрашув якунида Hotel Lotte Co. Ltd ва Sensata Invest компаниялари Алмати ва Алатау шаҳарларида Lotte меҳмонхоналарини қуриш бўйича ўзаро англашув меморандумини алмашдилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Hanwha Group вице-раиси Ким Дон Вонни қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди.