Қозоғистоннинг учта шаҳрида ҳайдовчисиз автомобиллар синовдан ўтказила бошланади

ASTANA. Kazinfirm - Қозоғистонда шартли ва юқори даражада автоматлаштирилган бошқарувга эга автомобилларни жорий этиш бўйича пилот лойиҳа ишга туширилмоқда, деб хабар беради Kazinform.

Фото: Sohu

Лойиҳа уч йил давомида Астана, Алмати ва Ақмола вилоятининг Қосши шаҳрида амал қилади. Синовлар махсус полигонларда, шунингдек, умумий фойдаланишдаги йўлларда тасдиқланган йўналишларда ўтказилади.

Пилот лойиҳада иштирок этиш ихтиёрий бўлади. Юридик шахсларни лойиҳага жалб этиш учун ҚР Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигига ҳамроҳлик хати ва тегишли мажбуриятларни қабул қилиш тўғрисида ариза юбориши лозим.

Транспорт воситасининг ҳаракати масофадан туриб ишлайдиган оператор томонидан назорат қилинади.

Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган тақдирда, пилот лойиҳа иштирокчисининг вакили 30 дақиқа ичида воқеа жойига етиб келиши ва ҳодисадан олдинги ҳамда кейинги воқеаларни тўлиқ ва узлуксиз акс эттирган видеоёзувни тақдим этиши керак.

Бундан ташқари, ҳар бир автомобиль учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилган тақдирда камида 60 миллион тенге миқдорида суғурталаниши лозим. Суғурта полиси пилот лойиҳада иштирок этишнинг бутун даври давомида амал қилиши керак.

ҚР Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлигининг қўшма буйруғи 2026 йил 21 августдан кучга киради.