Қозоғистонда етти йил ичида 3,6 млн киши табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди

ASTANA. Kazinform — Сўнгги етти йил давомида Қозоғистонда 772 та аҳоли яшаш пункти табиий газга уланди. Натижада газдан фойдаланиш имкониятига эга аҳоли сони 9,5 миллиондан 13,1 миллион кишига етди.

Фото: Pexels

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу даврда мамлакат газ инфратузилмасини ривожлантириш учун республика бюджети ва «Самруқ-Қазна» АЖ маблағларидан 612,3 миллиард тенге ажратилган.

Ажратилган маблағлар ҳисобидан 821 та лойиҳа амалга оширилиб, 31 526 километрдан ортиқ газ қувурлари тармоғи қурилди. Натижада мамлакатни газлаштириш даражаси 51,47 фоиздан 64,2 фоизгача кўтарилиб, 12,73 фоиз бандга ошди.

Газ инфратузилмасининг кенгайтирилиши аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, янги истеъмолчиларни тармоққа улаш, шунингдек, ҳудудларда тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратди.

2025 йил якунларига кўра, 94 та аҳоли яшаш пунктидаги 354 мингдан ортиқ киши табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, қарийб 2 минг километр газ тақсимлаш тармоғи қурилди.

2026 йилда ҳам газ инфратузилмасини ривожлантириш ишлари давом этмоқда. Ҳозирда 40 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг еттитаси ўтган йилдан давом этаётган лойиҳалар бўлса, 33 таси янги лойиҳалар ҳисобланади. Режалаштирилган ишлар якунлангач, яна қарийб 36 минг нафар аҳоли табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.

Энергетика вазирлиги 2035 йилга қадар мамлакатни газлаштириш даражасини 80 фоизга етказишни режалаштирмоқда. Бу мақсадда магистрал газ қувурлари, ҳудудий тармоқлар ва газ ресурс базасини ривожлантириш кўзда тутилган.