Қозоғистонда аҳоли миграцияси ўсиши бўйича Астана етакчилик қилмоқда

ASTANA. Kazinform - 2026 йил январь-сентябрь ойларида Қозоғистон ичида 1,4 миллион киши яшаш жойини ўзгартирган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизга кўп. Миграция ўсишининг энг юқори кўрсаткичи Астана шаҳрида қайд этилган. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Finprom.kz маълумотларига таяниб хабар беради.

Фото: Виктор Федюнин / Kazinform

Таҳлилчилар маълумотларига кўра, тўққиз ой давомида пойтахтга 257,3 минг киши кўчиб келган, 205,3 минг киши эса бошқа ҳудудларга кўчиб кетган. Натижада миграция ўсиши 52 минг кишини ташкил этган. Бу кўрсаткич Алмати ва Чимкент шаҳарларидаги миграция ўсишининг умумий ҳажмидан ҳам юқори.

Алматига ушбу даврда 225,4 минг киши кўчиб келган, 196,4 минг киши эса шаҳарни тарк этган. Миграция ўсиши 29 минг кишини ташкил этган. Чимкентда эса 118,8 минг киши келиб, 107,6 минг киши кўчиб кетган. Натижада миграция ўсиши 11,1 минг кишига етган.

Таҳлилчилар таъкидлашича, учта мегаполиснинг ҳар бирида кўчиб келувчиларнинг асосий қисми қўшни ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади.

Жумладан, Астанaга энг кўп кўчиб келганлар Ақмола вилояти аҳолиси бўлиб, уларнинг сони 22,8 минг кишини ташкил этган. Кейинги ўринларда Туркистон вилояти (15,2 минг киши) ва Алмати шаҳри (13,4 минг киши) қайд этилган.

Алматига эса энг кўп кўчиб келувчилар Алмати вилоятидан келган — 55,9 минг киши. Шунингдек, Жамбил вилоятидан 12,9 минг киши, Астанaдан эса 11,1 минг киши кўчиб келган.

Чимкентга кўчиб келувчиларнинг асосий қисми Туркистон вилояти ҳиссасига тўғри келган — 44,9 минг киши. Астанaдан 7 минг киши, Алматидан эса 4,3 минг киши кўчиб келган.

Ички миграциянинг ижобий сальдоси Алмати ва Ақмола вилоятларида ҳам қайд этилган. Ушбу ҳудудларда аҳоли ўсиши мос равишда 8,3 минг ва 5,5 минг кишини ташкил этган.

Шу билан бирга, миграция ҳисобига аҳолининг энг катта камайиши Туркистон вилоятида кузатилган — 32,1 минг киши. Жамбил вилоятида кўчиб кетганлар сони кўчиб келганлар сонидан 15,5 минг кишига кўп бўлган. Қизилўрда ва Жетису вилоятларида эса бу кўрсаткич ҳар бирида 9,4 минг кишини ташкил этган.

Умуман олганда, таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилнинг тўққиз ойида шаҳар аҳолисининг миграция ҳисобига ўсиши ўтган йилги 105,4 минг кишидан 86,8 минг кишигача камайган.

Шу билан бирга, Қозоғистоннинг йирик шаҳарлари, айниқса, қўшни вилоятлар аҳолиси учун ички миграциянинг асосий марказлари бўлиб қолмоқда, дея таъкидлади таҳлилчилар.

Аввалроқ, 2026 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Қозоғистонда миграция ўсишининг энг юқори кўрсаткичи Астана (33,4 минг киши) ва Алмати (16,9 минг киши) шаҳарларида қайд этилгани хабар қилинган эди. Шу билан бирга, миграция ҳисобига аҳолининг энг катта камайиши Туркистон (19,5 минг киши) ва Жамбил (9,2 минг киши) вилоятларида кузатилган.