“Давлат раҳбарининг топшириғини бажариш доирасида вазирлик ҳудудлардаги тиббий-демографик вазият ва самарадорлик мезонларини ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш заруратини таҳлил қилишни бошлади”, — деди вазир.
Унинг айтишича, режага жами 1 700 ўринга мўлжалланган саккизта замонавий перинатал марказ киради. Улар Астана, Алмати, Чимкент, Қарағанди, Қаскелан, Қизилўрда ва Орал шаҳарларида қурилади.
Шунингдек, Атирау, Ақтўбе, Алмати, Чимкент, Қаскелан, Семей ва Ақтау шаҳарларида жами 1 550 ўринга мўлжалланган еттита кўп тармоқли болалар шифохонасини қуриш кўзда тутилган. Астанада эса 200 ўринли болаларга шошилинч ёрдам кўрсатиш маркази ва 350 ўринли болалар хирургияси маркази барпо этилади.
“Болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам кўламини кенгайтириш, шунингдек, ихтисослаштирилган ва юқори технологияли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини ошириш режалаштирилмоқда”, — деди Ақмарал Алназарова.
Бундан ташқари, Алмати, Ақтау, Атирау, Қизилўрда ва Семей шаҳарларида жами 750 ўринга мўлжалланган Болаларни реабилитация қилиш миллий марказининг бешта ҳудудлараро филиали очилади.
Шунингдек, Шарқий Қозоғистон, Абай ва Туркистон вилоятларида ҳар бири 300 ўринга мўлжалланган кўп тармоқли шифохоналар, Жамбил вилоятида эса 325 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси ва ихтисослаштирилган бинолар қуриш режалаштирилган.
Вазирнинг маълумотларига кўра, янги объектлар қаторида 25 та амбулатория-поликлиника муассасаси, туман шифохоналари, тез тиббий ёрдам объектлари, қон марказлари ва бошқа ихтисослаштирилган муассасалар ҳам бор.
“Натижада қарийб 1,8 миллион квадрат метр тиббий инфратузилмани яратиш ва янгилаш, стационарлардаги ўринлар сонини 9,2 мингтага ошириш ва модернизация қилиш, шунингдек, амбулатория ёрдами кўрсатиш қувватини бир сменада 5,3 мингдан ортиқ ташриф буюрувчига ошириш режалаштирилмоқда”, — дея таъкидлади вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олжас Бектенов Президент томонидан эълон қилинган «Халқ қурилиши» дастури аҳоли бандлигининг ошиши ва фуқаролар фаровонлигининг юксалишига туртки беришини таъкидлаган эди.