“Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, биз Қозоғистонда сунъий интеллектни ривожлантириш имконини берадиган инфратузилмани яратмоқдамиз. Бугунги кунда фақат технология истеъмолчиси бўлишнинг ўзи етарли эмас, балки ўз ҳисоблаш қувватлари ва AI ечимларини ишлаб чиқиш учун зарур шароитларга эга бўлиш муҳим. Citi ва Freedom Holding Corp билан меморандумнинг имзоланиши жаҳон даражасидаги AI-кластерини барпо этиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамдир. У инвестициялар, иқтидорли мутахассислар ва технологик компаниялар учун жозибадор марказга айланади, шунингдек, давлат, илм-фан ва бизнес учун зарур инфратузилмани таъминлайди”, — деди Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев.
Унинг таъкидлашича, Қозоғистон янги авлод иқтисодиётига ўтиш жараёнини изчил давом эттирмоқда.
Citi компаниясининг давлат сектори билан ишлаш бўйича глобал раҳбари Стефани фон Фридебург мазкур ташаббус мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
“Ушбу меморандум Қозоғистоннинг рақамли трансформация бўйича улкан мақсадлари ҳамда илғор сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантиришга бўлган умумий интилишимизни акс эттиради. Бу ҳамкорлик орқали давлат муассасалари, бизнес ва тадқиқотчилар эҳтиёжларига хизмат қиладиган жаҳон даражасидаги сунъий интеллект кластери ва юқори ҳисоблаш қувватларини яратишга хизмат қиладиган инновацион молиялаштириш механизмларини баҳолашга интиламиз. Биз ўзимизнинг глобал тажрибамиз ва халқаро капиталга чиқиш имкониятларимиз орқали Қозоғистоннинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўша оламиз”, — деди у.
Freedom Holding Corp бош директори Тимур Турлов компания ушбу лойиҳани амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришга тайёрлигини тасдиқлади.
“Бугунги воқеа - Давлат раҳбари томонидан рақамлаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли сиёсатнинг амалий ифодасидир. Технологик суверенитетга эришиш ва Қозоғистонни рақамли давлатга айлантириш йўли энг юқори даражада белгилаб берилган. Бугун имзоланаётган меморандум эса шу йўналишдаги аниқ амалий қадам ҳисобланади. Freedom Holding Corp. компаниясининг NVIDIA ва OpenAI каби етакчи жаҳон технология компаниялари билан ҳамкорлик қилиш бўйича бой тажрибага эга ва биз ушбу салоҳиятни лойиҳани муваффақиятли амалга оширишда қўллашни режалаштирмоқдамиз”, — деди у.
Ҳамкорликнинг асосий мақсади - илғор GPU технологиялари билан жиҳозланган сунъий интеллект кластерини барпо этиш, шунингдек, давлат сектори, илм-фан ва бизнес учун асосий марказ вазифасини бажарадиган маълумотларни қайта ишлаш марказини қуришдан иборат.
Бундан ташқари, келишув Қозоғистоннинг жаҳон молия тизимидаги мавқеини мустаҳкамлайдиган рақамли активлар экотизимини шакллантиришни ҳам назарда тутади.
Томонлар рақамли банкинг ва трансчегаравий ҳисоб-китоблар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, молиявий инструментларни бозорнинг барча иштирокчилари учун очиқ ва қулай қиладиган блокчейн ечимларини жорий этиш ниятида эканликларини маълум қилди.
Аввалроқ Жаслан Мадиев хорижий инвесторларга Қозоғистоннинг рақамли ташаббусларини тақдим этган эди.