Алматида Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик бўйича иккинчи Тянь-Шань форуми доирасида ҚР Бош вазири ўринбосари — Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин Покистоннинг федерал инвестициялар вазири Қайсар Аҳмад Шайх билан учрашди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва икки мамлакат ўртасида транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича беш йиллик Йўл харитасини якунлаш ва уни амалга оширишни мувофиқлаштириш учун юқори даражадаги ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар. Ишчи гуруҳга Қозоғистон томонидан Серик Жуманғарин, Покистон томонидан эса вазир Аҳсан Иқбол раҳбарлик қилади. Қозоғистон яқин келажакда гуруҳни тузишни ва унинг биринчи йиғилишини ўтказишни режалаштирмоқда.
Серик Жумангариннинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдони кенгайтириш имконияти мавжуд. Хусусан, 218 та товар тури бўйича ўзаро савдони тахминан 645 миллион долларга ошириш салоҳияти баҳоланмоқда.
Ушбу йўналишда металлургия, машинасозлик, кимё саноати, озиқ-овқат ва нефть-кимё саноатида товарлар етказиб беришни кўпайтиришга устувор аҳамият берилади.
Йиғилишда транспорт ва логистика масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қозоғистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган, жумладан, Покистон денгиз портларига чиқиш имконини берувчи йўналишларни ривожлантиришдан манфаатдор.
Шу муносабат билан томонлар CASA темир йўл лойиҳасининг истиқболларини муҳокама қилишди. Жорий йилнинг 30 сентябрида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари Қозоғистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳудудидан ўтувчи янги темир йўл йўналишини яратиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Лойиҳа Покистон денгиз портларига чиқишни таъминлашга мўлжалланган.
Серик Жуманғарин шунингдек, Қозоғистон ва Покистон ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини тиклаш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу бизнес, туризм ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Покистон портларига чиқиш имконини берувчи янги темир йўл йўналишини ривожлантиришда иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.