Қозоғистон Президенти биохилма-хилликни сақлаш бўйича халқаро жамғарма тузишни таклиф қилди

ASTANA. Kazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев COP17 доирасида ўтказилган Биохилма-хиллик бўйича етакчилар саммитида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари Қозоғистоннинг ноёб турларни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича халқаро жамғарма тузиш ташаббусига тўхталди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Фото: Акорда

У хорижий ҳамкорларни ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.

“Ўн йилга мўлжалланган ушбу ташаббус Биохилма-хилликни сақлаш бўйича миллий дастур билан тўлдирилади. Ҳужжат табиий яшаш муҳитларини тиклаш, турларни муҳофаза қилиш ва алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғини кенгайтиришни назарда тутади. Бундан ташқари, Миллий генетик биохилма-хиллик банкини ташкил этишга киришдик. Қозоғистон минтақавий даражада табиатни муҳофаза қилиш чораларида фаол иштирок этмоқда. Жорий йил апрель ойида Астанада Минтақавий экологик саммит бўлиб ўтди. Йиғилиш якунлари бўйича Марказий Осиёда экологик ҳамкорлик тўғрисидаги Астана декларацияси қабул қилинди. Каспийбўйидаги бешта давлатнинг қўллаб-қувватлаши билан Қозоғистон Каспий денгизининг сув ресурсларини сақлашга қаратилган халқаро дастур қабул қилиш ташаббусини илгари сурди”, — деди Президент.

Шундан сўнг Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкорликдаги ишнинг бир нечта йўналишини белгилаб берди. Давлат раҳбарининг фикрича, сув ресурсларини бошқариш соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик зарур.

“Ўтган йили Қозоғистон БМТ тизими доирасида Халқаро сув ташкилотини тузишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари учун умумий аҳамиятга эга бўлиб, унга манфаатдор барча давлатлар қўшилиши мумкин. Мақсадимиз — сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, дарёлар, кўллар ва сув-ботқоқ ҳудудларининг ҳолатига боғлиқ бўлган табиий экотизимларни муҳофаза қилиш”, — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент «Тоза Қозоғистон» акцияси умуммиллий мафкурага айланиб бораётганини таъкидлаган эди.