Қозоғистон-Корея қўшма инвестиция фонди ташкил этилиши мумкин

ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари KIND корпорацияси президенти ва бош директори Ким Бок Хванни қабул қилди, деб хабар берди Ақорда.

Фото: Ақорда

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Кореянинг хорижий инфратузилма ва шаҳарсозлик лойиҳаларини ривожлантириш корпорацияси (KIND) Қозоғистон-Корея инвестиция ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим рол ўйнашини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат Катта Алмати айланма йўли қурилишига ҳисса қўшган корпорация билан ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор.

Суҳбат давомида KIND корпорациясининг Алатау шаҳрини ривожлантиришда иштирок этиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент лойиҳанинг катта салоҳиятини таъкидлади ва Корея томони янги шаҳарда инфратузилма ва инвестиция ташаббусларида фаол иштирок этишига ишонч билдирди.

Шунингдек, Давлат раҳбари корпорацияни Қозоғистонда ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш режасини амалга оширишда иштирок этишга таклиф қилди.

Ким Бок Хван Қозоғистон Евроосиёнинг муҳим транспорт ва логистика маркази сифатида алоҳида рол ўйнашини таъкидлаб, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ким Бок Хван Қозоғистон-Корея қўшма инвестиция фондини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишди. Ушбу фонд мамлакатдаги инфратузилма ва энергетика лойиҳаларига Корея капитали ва технологияларини жалб қилишнинг самарали механизми бўлади.

Учрашувда шунингдек, корпорациянинг транспорт ва логистика тизимини модернизация қилиш, жумладан, Ақтау ва Қуриқ портларини ривожлантириш, ҳудудий аэропортларни қуриш ва модернизация қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Caspian Group ва KIND ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми, Alatau City Authority ва KIND ўртасида Alatau Smart City лойиҳасининг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича келишув ва Qazaqstan Investment Corporation ва KIND ўртасидаги стратегик келишув каби ҳужжатлар алмашинув маросими бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Hyundai Motor Group Қозоғистонда ишлаб чиқариш ва локализацияни кенгайтириш ниятида эканлиги ҳақида ёзган эдик.