Қозоғистон ҳудудларида бир ҳафта давомида қандай янги объектлар очилди

ASTANA. Kazinform — Қозоғистоннинг бир қатор ҳудудларида янги ишлаб чиқариш корхоналари, таълим ва спорт объектлари очилди, автомобиль йўллари таъмирланди. Бир ҳафта давомида Кўкшетауда газ баллонлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, Таразда IT-лицей-интернати очилди, Чимкентда эса ёнғин хавфсизлиги, полиция ва тез тиббий ёрдам хизматларини бирлаштирган мажмуа ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Ҳукумат маълум қилди.

Фото: Үкімет

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев топшириқларини амалга ошириш доирасида Қозоғистон ҳудудларида саноат, ижтимоий соҳа, спорт, транспорт инфратузилмаси ҳамда тезкор хизматларни ривожлантириш ишлари давом этмоқда. Бир ҳафта ичида мамлакатда газ баллонлари ва клапанлар ишлаб чиқариш бошланди, IT-лицей-интернати биноси очилди, стадион янгиланди, автомобиль йўлларининг айрим қисмлари таъмирланди, ёнғинга қарши ва тезкор хизмат объектлари фойдаланишга топширилди.

Қостанай вилоятида таъмирлаш ишларидан сўнг умумий узунлиги 56,7 километр бўлган «Астана – Қостанай – Россия Федерацияси чегараси» автомобиль йўлининг иккита участкаси очилди. Жорий йилда ҳудудда умумий узунлиги 163 километр бўлган республика аҳамиятидаги автомобиль йўлларининг бешта участкаси таъмирланди.

Кўкшетауда газ баллонлари ва улардан хавфсиз фойдаланиш учун мўлжалланган клапанлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Янги маҳсулотлар, биринчи навбатда, ички бозор эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган. Фақатгина Ақмола вилоятининг ўзида 220 мингдан ортиқ газ баллонидан фойдаланилишини ҳисобга олсак, юқори талаб туфайли ишлаб чиқариш ҳажми янада ошиши кутилмоқда.

Тараз шаҳрида ҳар бири 300 ўринга мўлжалланган IT-лицей-интернатнинг ўқув биноси ва ётоқхонаси очилди. Янги бинолар ўқувчиларнинг таълим олиши ва яшаши, шунингдек, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириши учун шароит яратади. Учта блокдан иборат мажмуа ошхона, спорт ва мажлис заллари, шунингдек, кутубхонани ўз ичига олади.

Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Ақсай шаҳрида реконструкция ишларидан сўнг «Жастар» стадиони фойдаланишга топширилди. Объект спорт зали, FIFA стандартларига мос футбол майдони, миллий спорт турлари ва машғулотлар учун майдонлар, югуриш йўлаклари ҳамда экстремал спорт турлари учун махсус ҳудуд билан жиҳозланган.

Қозоғистон ҳудудларида ёнғинга қарши ва тезкор хизматларнинг янги объектлари очилмоқда. Масалан, Қостанай вилоятининг Приречное қишлоғида ёнғин ўчириш автомобили ва махсус кийимлар билан таъминланган «Қишлоқ қутқарувчилари» ёнғин-қутқарув пости ўз фаолиятини бошлади. Шунингдек, 370 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Ақмола вилоятининг Кенаши қишлоғида ҳам «Қишлоқ қутқарувчилари» ёнғин-қутқарув пости очилди. Бу мамлакат бўйича ташкил этилган 326-чи объект ҳисобланади.

Чимкент шаҳрида эса тезкор хизматларнинг ягона мажмуаси иш бошлади. Унда ёнғин ўчириш бўлими, полиция ва тез тиббий ёрдам пунктлари бирлаштирилган. Мажмуа Жанаталап турар жой мавзесида истиқомат қилувчи қарийб 11,2 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади.