Қасим-Жомарт Тоқаев қозоғистонликларни Республика куни билан табриклади

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқини Республика куни билан табриклади, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.

Ҳурматли ватандошлар!

Республика куни муборак бўлсин!

35 йил аввал Қозоғистон Суверенитет декларациясини қабул қилиб, янги даврга қадам қўйди. Тарихий ҳужжатда халқимизнинг ўз келажагини мустақил белгилаш ҳуқуқи яққол акс эттирилган. Бу бизга озодлик байроғини баланд кўтариш, замонавий давлат қуриш йўлини очиб берди. Ўшандан бери мамлакатимиз машаққатли ва мураккаб йўлни босиб ўтди. Мустақиллигимизнинг сиёсий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамладик, чегараларимизни белгилаб, дунёга танитдик, янги пойтахтимизни барпо этдик. Миллий ўзлигимизни мустаҳкамлаш, фуқароларимиз фаровонлигини ошириш борасида ҳам улкан муваффақиятларга эришдик. Ўзининг оқилона ва конструктив ташқи сиёсати туфайли Қозоғистон ўз миллий манфаатларига содиқ, юксак халқаро обрўга эга давлат сифатида майдонга чиқди. Бироқ, олдимизда бундан ҳам катта вазифалар турибди. Бугунги ўзгарувчан замоннинг улкан қийинчиликларига қарамай, биз барча фуқаролар учун тенг имкониятларни таъминловчи “Адолатли Қозоғистон”ни қурмоқдамиз. Сиёсат, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар Ватанимиз юксалиши ва равнақини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Биз жамиятда “Қонун ва интизом” тамойили, “Тоза Қозоғистон” мафкураси, ватанпарварлик ва ҳамжиҳатлик, меҳнат ва масъулият, билим ва касбий маҳорат каби қадриятларни мустаҳкам қарор топтирган, ўз келажагига ишонч билан қарайдиган, илғор фикрли халқ сифатида камол топмоқдамиз. Ҳар бир авлоднинг ўз миссияси бор. Бу борада аждодларимиз ўгитларини унутмаслик, азиз Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Қозоғистонни ривожланган, бунёдкор ва адолатли давлатга айлантириш барчамизнинг умумий бурчимиздир. Ишончим комилки, машаққатли меҳнат, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш, энг муҳими, мустаҳкам бирдамлик туфайли барча режаларимизни муваффақиятли амалга оширамиз, янги марраларни забт этишда давом этамиз. Ватанимиз келажаги ҳар биримизнинг қўлимизда. Қозоғистоннинг кўк байроғи доимо баландда ҳилпираб турсин! Барчангизга сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва улкан муваффақиятлар тилайман!

Эслатиб ўтамиз, кеча Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Республика кунига бағишланган тантанали йиғилишда нутқ сўзлаган эди.

Президент Республика байрами арафасида бир гуруҳ фуқароларни давлат мукофотлари билан  тақдирлади.