Хитойнинг Сиань шаҳридан Алматига туристик поезд етиб келди

Фото: Фото: Александр Павский / Kazinform

ALMATY. Кazinform — Алмати-2 темир йўл вокзалига Хитойдан Сиань-Алмати йўналиши бўйича биринчи халқаро туристик поезд етиб келди.

Шаҳар вокзалида Хитойдан келган сайёҳларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Поезд жами 9 та вагондан иборат. Сайёҳлик делегацияси 246 кишидан иборат. Улар орасида тадбиркорлар, олимлар, маданият ва спорт соҳасининг таниқли вакиллари бор. Хитойлик меҳмонлар беш кун давомида Алматининг тарихий-маданий жойлари билан танишади, турли тадбирларда иштирок этади.

Фото: Александр Павский / Kazinform

— Ўтган йили Хитойдан келган сайёҳлар сони 700 минг нафарга етиб, 2019 йилга нисбатан 9 баробар кўпдир. Фақат 2024 йилнинг ўзида мамлакатимиз меҳмонхоналарига жойлашган хитойлик сайёҳлар сони 200 минг нафарга етди. Ўтган йил Хитойда Қозоғистон туризми йили деб эълон қилинди. Бу йил эса Қозоғистонда Хитой туризми йили. Ушбу поезд икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайдиган, янги ташаббусларга замин яратадиган мунтазам йўналишга айланади, деб ўйлайман, – дейди Туризм саноати қўмитаси раиси Нуртас Карипбаев.

Фото: Александр Павский / Kazinform
Фото: Александр Павский / Kazinform
Фото: Александр Павский / Kazinform

Сайёҳлик поезди Урумчи шаҳридан ўтиб, “Қорғас” халқаро чегара постида тўхтади. У ерда поезднинг ғилдираклари алмаштирилди ва поезд сўнг Олтинкўл бекати орқали Алматига етиб келди.

Фото: Александр Павский / Kazinform

— Ушбу лойиҳа икки йилдан бери тайёрланиб, Хитой ва Қозоғистон раҳбариятининг алоҳида эътиборига сазовор бўлди. Тайёргарлик жараёнида транспорт, маданият ва туризм, темир йўл, чегара хизматлари ходимлари тинимсиз меҳнат қилди. Шунинг учун мен барча томонларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Узоқларни яқинлаштирган темир йўл шарқ ва ғарбни боғловчи кўприкдек. 2025 йил Хитой туризми йили. Ушбу поезд Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг янги даврини очишига ишонаман, — деди Хитойнинг Алматидаги бош консули Цзян Вэй.

Фото: Александр Павский / Kazinform
Фото: Александр Павский / Kazinform
Фото: Александр Павский / Kazinform

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қатновчи Jibek Joly туристик поезди қатнови йўлга қўйилган эди.

Муаллиф: Досбол Атажан