Европада демографик инқироз: аҳоли сони кескин камаймоқда

Фото: Фото: Copyright 2020 The Associated Press

ASTANА. Кazinform — Европа аҳолиси камайиб, қариб бормоқда. Eurostat прогнозларига кўра, Европа Иттифоқи аҳолиси 2025 ва 2100 йиллар оралиғида 11,7 фоизга камаяди. Яъни, аҳоли сони 452 миллиондан 399 миллионгача камаяди, бу тахминан 53 миллион кишини ташкил этади. Бу рақамга миграция ҳам киради, деб ёзади Euronews.com.

Бироқ, вазият барча мамлакатларда бир хил эмас. Баъзи мамлакатларда аҳоли сони ўсади, бошқаларида эса сезиларли даражада камаяди.

Қайси мамлакатларда энг катта пасайиш кузатилади?

Энг кескин пасайишлар (30% дан ортиқ) қуйидаги мамлакатларда кутилмоқда:

Латвия (33,9%), Литва (33,4%), Полmша (31,6%) ва Греция (30,1%). Бу мамлакатлар аср охирига бориб ҳар учинчи аҳолисини йўқотиши мумкин.

Қуйидаги мамлакатларда 20% дан ортиқ камайиш кутилмоқда:

Болгария, Хорватия, Словакия, Руминия, Италия ва Венгрия. Бу ҳар тўрт кишидан бирининг йўқолишига тенг.

10–20% гача камайиш:

Португалия, Эстония, Чехия, Финляндия, Словения ва Германия.

Аксинча, баъзи мамлакатларда аҳолининг ўсиши кутилмоқда. Масалан, Люксембург (36,4%), Исландия (27,1%) ва Мальта (26%) ўсиши мумкин.

Швейцария, Ирландия, Норвегия ва Швеция ҳам ўсиши мумкин.

Нима учун бундай фарқ бор?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосий сабаб миграция. Вена демография институти вакили Томаш Соботканинг сўзларига кўра, мигрантлар сони кўп бўлган мамлакатларда аҳоли сони ортиб бормоқда. Бошқа томондан, туғилиш даражаси паст ва кўп сонли одамлар кўчиб кетган мамлакатларда уларнинг аҳолиси тез камаяди.

Яна бир мутахассис Анн Гужон ҳам буни тасдиқлайди: аҳолининг ўзгариши асосан миграция балансига боғлиқ, туғилиш ва ўлимга эмас.

Европадаги энг йирик иқтисодиётга келсак:

— Испания аҳолиси бироз ўсади (+1,3%)

— Франция бироз камаяди (-2,5%)

— Германия (-10,6%) ва айниқса Италия (-24%) сезиларли даражада камаяди

Келажакда Испания Италияни ортда қолдириб, аҳоли сони бўйича Европада учинчи йирик давлатга айланиши мумкин.

Яна бир муҳим ўзгариш — бу аҳолининг қариши. 2100 йилга бориб:

— ҳар учинчи европалик 65 ёшдан ошади

— 85 ёшдан ошганларнинг улуши 3,2% дан 10,8% гача ошади

— вмеҳнатга лаёқатли ёшдаги (31–65 ёш) одамларнинг улуши эса камаяди.

Хулоса қилиб айтганда, Европада нафақат аҳоли камаяди, балки унинг ёши ҳам сезиларли даражада ошади.

Эслатиб ўтамиз, Туркия аҳолиси тез қариб бормоқда: қариялар сони 9,5 млндан ошди.